Шакира ва Тимберлейк Россиядаги микрожарроҳлик институтига 130 минг евро турадиган жиҳоз сотиб олишга ёрдам берди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Шакира ва Тимберлейк Россиядаги микрожарроҳлик институтига 130 минг евро турадиган жиҳоз сотиб олишга ёрдам берди

Дунё 19-11-2015, 16:54 513

Томскдаги (Россия) микрожарроҳлик илмий-текшириш институти «Болалар учун ягона юрак» хайрия жамғармаси ёрдамида 130 минг евро турадиган наркоз-нафас олиш жиҳозини харид қилишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Facebook’даги «Лентач» саҳифаси орқали хабар берилган.

Шакира ва Тимберлейк Россиядаги микрожарроҳлик институтига 130 минг евро турадиган жиҳоз сотиб олишга ёрдам берди

«Биз асосан шоу-бизнес вакиллари ва актёрлар кўмагида молиялаштириладиган Германиянинг ‘Болалар учун ягона юрак’ хайрия жамғармасига ёрдам сўраб мурожаат этдик. Лойиҳамиз қўллаб-қувватланди, жумладан, колумбиялик хонанда Шакира ва америкалик қўшиқчи Жастин Тимберлейк томонидан ҳам», — дея таъкидлаган институт раҳбари Владимир Байтингер.

Байтингернинг айтишича, ҳар йили элликка яқин ривожланишида нуқсони бўлган россиялик болалар бепул операция қилинадиган «Табассум қил» хайрия тадбири учун институт томонидан ролик тайёрланган. Мазкур роликда клиника фаолияти учун наркоз-нафас олиш қурилмаси зарур эканлиги билдирилган. Олдин муассаса бундай жиҳозни ижарага олиб ишлатишга мажбур бўлган.

Жамғарма томонидан ажратилган маблағ ҳисобига хизмат муддати 25 йил бўлган наркоз-нафас олиш жиҳози ва кузатувчи монитор харид қилинган.


Манба: Daryo.uz


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.