Шотландияда полиция адашиб кўзи ожиз кишининг уйига бостириб кирди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Шотландияда полиция адашиб кўзи ожиз кишининг уйига бостириб кирди

Дунё 24-11-2015, 11:30 494

Шотландиянинг Глазго шаҳрида полиция зобитлари кўзи ожиз Жонатан Миллер уйига адашиб бостириб кирди. Миллер унинг саломатлигига зиён етгани, ити эса безовта бўлиб қолганини билдириб, зобитлар устидан шикоят қилди, дея хабар беради The Daily Mirror.

Шотландияда полиция адашиб кўзи ожиз кишининг уйига бостириб кирди

«Полициячилар ишга кетишим билан эшикни бузиб, уйга бостириб кирган. Улар уйда менинг номимга ёзилган мактубни топгач, адашганларини англаган. Кўчмас мулк бўйича агентга қўнғироқ қилиб, янглишганларига узил-кесил ишонч ҳосил қилган», — дея ҳикоя қилади Миллер.

Эркак янги уйга бир ой аввал кўчиб келганди. Зобитлар уй эгаси тўғрисидаги янгиланган маълумотни текшириб кўрмай, мазкур хонадонда полиция қидираётган гумонланувчининг қизи истиқомат этаётганини тахмин қилган.

Миллернинг айтишича, босқин итини чўчитиб юборган ва унинг дўстона феъл-атвори тажовузкорона кўриниш олган. Шотландияликнинг ўзи кўзидаги оғриқлардан шикоят қилиб, шифокорга мурожаат этган ва буни рейддан сўнг стресс ҳолатида бўлгани билан изоҳлаган.

Операция чоғида синган мебель ва буюмларни янгилаш Миллер учун 760 долларга тушади. Шотландия полицияси вакили хизмат текшируви ўтказилишини маълум қилди.


Манба: Daryo.uz


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.