Россия Хитой нефть бозорида етакчиликни Саудия Арабистони ва Анголага бой берди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Россия Хитой нефть бозорида етакчиликни Саудия Арабистони ва Анголага бой берди

Дунё 24-11-2015, 14:06 890

Октябрь ойида Саудия Арабистони Россияни четга суриб, Хитой нефть бозоридаги етакчиликни қайтариб олди. Россия Хитойга хом нефть етказиб берувчилар орасида Анголани ҳам олдинга ўтказиб юбориб, учинчи ўринга тушиб қолди. Бу 23 ноябрь, душанба куни эълон қилинган Хитой божхона бош бошқармасининг октябрь ойи ҳисоботида маълум бўлди, дея хабар беради «РБК».

Россия Хитой нефть бозорида етакчиликни Саудия Арабистони ва Анголага бой берди

Ҳисоботга кўра, Саудия Арабистони Хитойга октябрда 3,99 миллион тонна нефть экспорт қилган, бу сентябрь кўрсаткичларига нисбатан 0,8 фоизга кўп. Ангола 3,64 миллион, Россия эса 3,41 миллион тонна экспортни амалга оширган. Ангола етказиб бериш ҳажмини 27 фоизга оширган, Россияда эса, аксинча, экспорт 16 фоизга пасайган.

Жорий йил давомида Саудия Арабистони икки бор (май ва сентябрда) Хитойга нефть етказиб бериш бўйича биринчиликни Россияга бой берганди. Бироқ йиллик кўрсаткичларни инобатга олганда, мазкур мамлакат Хитой нефть бозорида 15 фоизлик улушга эга хомашёнинг энг йирик экспортчиси саналади. Ангола ва Россия эса Хитойга нефтнинг 12 фоизини етказиб беради.


Манба: Daryo.uz


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.