Суриялик жангарилар Россия вертолёти уриб туширилгани ҳақида маълум қилди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Суриялик жангарилар Россия вертолёти уриб туширилгани ҳақида маълум қилди

Дунё 24-11-2015, 20:47 900

Суриядаги қуролли гуруҳлардан бирининг жангарилари Сурияда Россия вертолёти уриб туширилганини маълум қилди. Жангариларнинг таъкидлашича, вертолёт танкка қарши ракетадан ўққа тутилган, дея хабар бермоқда Meduza.

Суриялик жангарилар Россия вертолёти уриб туширилгани ҳақида маълум қилди

Вертолёт қулагани ҳақида бош қароргоҳи Лондонда жойлашган Суриянинг Syrian Observatory for Human Rights ташкилоти ҳам хабар берди.

Мазкур ахборот ҳозирча расмийлар томонидан тасдиқлангани йўқ.

Ливаннинг радикал кайфиятдаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати маълумотларига кўра, вертолёт уриб туширилмаган, балки мажбурий қўнишни амалга оширган. Ҳаракатнинг қайд этишича, вертолёт бортида бўлганларнинг ҳеч бирига зарар етмаган.

24 ноябрь куни тонгда Туркия—Сурия чегарасида Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилди. Туркиянинг таъкидлашича, самолёт мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган. Россия Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Россия самолёти Туркия ҳудудига кирмаган.

Россия президенти Владимир Путин Су-24 самолёти қулашини «террорчиларнинг шериклари томонидан орқадан берилган зарба» деб атади.


Манба: Daryo.uz


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.