Путин Су-24 қулашини террорчиларнинг шериклари томонидан орқадан берилган зарба деб атади » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Путин Су-24 қулашини террорчиларнинг шериклари томонидан орқадан берилган зарба деб атади

Дунё 24-11-2015, 20:47 1 594

Россия президенти Владимир Путин Сурия—Туркия чегарасида Россиянинг Су-24 самолёти қулашини «террорчиларнинг шериклари томонидан орқадан берилган зарба» деб атади. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.

Путин Су-24 қулашини террорчиларнинг шериклари томонидан орқадан берилган зарба деб атади

Путиннинг сўзларига кўра, Туркияда Россия бомбардимончи самолётини уриб тушириш учун ҳеч қандай асос бўлмаган. Бу ҳақда у Иордания қироли Абдулла Иккинчи билан учрашувда айтиб ўтган.

«РИА Новости»нинг Россия президенти сўзларига асосланиб ёзишича, ҳужум уюштирилган вақтда Россия самолёти Туркия чегарасидан бир километр узоқликда бўлган, қулаган жойи эса чегарадан тўрт километр масофада.

Путиннинг маълум қилишича, Су-24 самолётининг қулаши Россия—Туркия муносабатлари учун жиддий оқибатларга олиб келади.

Россия етакчисининг қайд этишича, ИШИДга қарши кураш бўйича халқаро коалициядаги Туркиянинг ҳамкори — АҚШ билан ҳаводаги ҳодисалардан огоҳлантириш тўғрисидаги келишувга қарамай, Су-24 уриб туширилди.

Путиннинг қайд этишича, авваллари Россия Туркияни нафақат қўшни давлат, балки яқин дўст мамлакат сифатида ҳурмат қилар эди.

24 ноябрь куни тонгда Туркия—Сурия чегарасида Суриядаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилди. Туркиянинг таъкидлашича, самолёт мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган.

Россия Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Россия самолёти Туркия ҳудудига кирмаган.


Манба: Daryo.uz
loading...


Zamin.uz нинг Instagram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.