Туркия соҳилбўйида қочоқлар қайиғи чўкиб кетиши натижасида тўрт нафар бола ҳалок бўлди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Туркия соҳилбўйида қочоқлар қайиғи чўкиб кетиши натижасида тўрт нафар бола ҳалок бўлди

Дунё 28-11-2015, 00:23 566

Қочоқларни Грецияга олиб ўтаётган яна бир қайиқ Туркия қирғоғи яқинида чўкиши оқибатида тўрт нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда AFP агентлиги берган маълумотларга асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.

Туркия соҳилбўйида қочоқлар қайиғи чўкиб кетиши натижасида тўрт нафар бола ҳалок бўлди

Маълумотларга кўра, қурбонлар афғонистонлик бўлган. Ҳалок бўлганлардан ташқари қайиқда суриялик ва афғонистонликлардан иборат 51 киши бўлган ва улар қутқарилган.

Аввалроқ Туркия соҳили яқинида яна бир қайиқнинг тўнтарилиши оқибатида икки нафар боланинг ҳалок бўлгани, 15 киши қутқарилиб, Бодрум шаҳрининг полиция бўлинмасига юборилгани хабар қилинганди.

Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ) келтирган маълумотларга кўра, 2015 йилнинг бошидан Ўртаер денгизи орқали Европага 704 мингдан зиёд муҳожир келиб тушган. Энг кўп муҳожирлар – 560 минг кишини Греция қабул қилган бўлиб, Италияга 139,5 минг киши қочиб келган. ХМТга кўра, 2015 йилнинг бошидан ҳозирга қадар Европага етиб олиш мақсадида ҳаракат қилган 3,2 минг киши денгизда ҳалок бўлган.


Манба: Daryo.uz


Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.