21:06 / 17.06.2018
12 938

Дунёнинг "энг антиқа": сут, колбаса ва ёғ дарахтлари (фото)

Дунёнинг "энг антиқа": сут, колбаса ва ёғ дарахтлари (фото)
«Инсон ва қонун» дарахтлар билан боғлиқ қизиқарли маълумотларни тақдим қилди.

— Катта ёшдаги битта дарахт бир йилда ўн киши истеъмол қиладиган миқдорда кислород ишлаб чиқаради.

— Бир дона дарахт транспорт воситаси 40 000 километр масофани босиб ўтганда ишлаб чиқарадиган карбонат ангидридни ўзига сингдиради.

— Қайта ишлашга топширилган 60 килограмм қоғоз битта дарахт ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради.

— 1 гектар майдондаги арча бир кеча-кундузда 30 килограмм бактерияни бартараф қилувчи учувчан моддаларни ишлаб чиқаради.

— 1 гектар дарахтзор ёки бутазор бир кунда 220-280 килограмм карбонат ангидрид ютади ва 180-220 килограмм кислород ишлаб чиқаради. Дарахтзорлар ҳаводаги чанг миқдорини ҳам камайтиради.

Ёғ дарахти
Ер юзида шундай дарахтлар борки, инсониятни ҳам едиради, ҳам ичиради, ҳам кийдиради. Грузияда ўсадиган авокадони маҳаллий аҳоли «сигир» дарахти, деб аташади. Негаки, унинг меваси тўйимлилик жиҳатидан гўштга тенг бўлса, ҳазм бўлиш даражаси худди сариёғдек. Авокадо мевасининг оғирлиги 50-400 грамм бўлиб, унда жуда кўп витаминлар ва ҳаттоки ёғ ҳам бор.

Сут дарахти
Коста-Рикада, Эквадорда ва Лотин Америкасининг бошқа давлатларида танаси текис, тўғри ва баланд бўйли дарахтларни кўплаб учратиш мумкин. Унинг барглари хонакилашган фикус (ҳамиша кўм-кўк турадиган шапалоқ баргли тропик ўсимлик) баргларига ўхшайди. Аммо гап унинг баргларида эмас, мевасида ҳам эмас (чунки унинг мевасини еб бўлмайди), балки унинг кесиб қўйилган пўстлоғидан оқадиган «сути»да. Шунинг учун уни туб аҳоли «сутли дарахт», деб атайди.

Дарахтдан бир соат ичида 1 литр сигир сутига ўхшаш сут олиш мумкин. Лекин у очиқ ҳавода тез қуюқлашади ва таъми аччиқ бўлиб қолади. Қизиғи шундаки, дарахт йилнинг хоҳлаган пайтида «сут» бераверади.

Мутахассисларнинг фикрича, «сут» таркибида 57 фоиз сув, 37 фоиз мум ва 5 фоиз елим ҳамда шакар моддаси бор. Маҳаллий аҳоли унга сув қўшиб истеъмол қилади.

Хитой, Ҳиндистон ва Япония аҳолиси эса сутни кокос ёнғоғидан ва мойли ўсимликлар уруғидан ҳам олади.

Фото: Google Images
Колбаса дарахти
Ганада (Африка) дунёнинг бошқа бирор жойида ўсмайдиган дарахтлар бор. Улардан бири колбасали дарахт бўлиб, номи кигелиядир. Унинг меваси ташқи кўринишидан колбасани эслатади. Бу ҳам етмагандек, айнан колбасанинг таъмини беради.

Фото: Google Images

Ҳам ёнғоқ, ҳам олма дарахти

Бразилиянинг шимоли-шарқидаги ўрмонларда ажойиб ўсимлик ўса¬ди. Унинг номи кажу. Унда бир вақтнинг ўзида ҳам ёнғоқ, ҳам олма пишади. Дарахтнинг бўйи 10–12 метр. Бир мавсумда ундан 10–12 килограмм ёнғоқ, 30 килограмм атрофида олма узиб олинади.

Қовун дарахти
Табиатда қовун дарахти ҳам мавжуд. Бу жуда тез ўсадиган тропик ўсимлик бўлиб, 60 метр баландликкача ўсади. Мевасининг оғирлиги 2 килограммгача тош босади. Ташқи кўриниши ва ички тузилиши қовунга ўхшайди. XVI асрда қовун дарахти Панамадан Шарққа олиб келинган. Ҳозир бу дарахт Марказий Америка, Ҳиндистон ва Австралияда ўстирилади.

Фото: Google Images

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дунёнинг "энг антиқа": сут, колбаса ва ёғ дарахтлари (фото)