12:58 / 22.06.2018
3 812

Қозоғистоннинг АҚШ билан ҳамкорликда ишлаши Россия раҳбариятига сира ёқмаяпти…

Қозоғистоннинг АҚШ билан ҳамкорликда ишлаши Россия раҳбариятига сира ёқмаяпти…
Яқинда Кремлдагилар Қозоғистон раҳбариятидан бу ҳамкорликнинг асл сабабини суриштириб, улар билан ҳисоблашмай туриб қалтис қадам қўйилгани ҳақида гапириб ўтганди. Россия раҳбарларининг айтишича, Қозоғистон океан ортидаги мамлакат билан ҳамкорлик ўрнатишдан олдин Кремль билан маслаҳатлашиши лозим экан. Худди шу гапларни яқинда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистон ташқи ишлар вазири билан бўлган учрашув чоғида айтиб ўтганди. Лавровнинг гапига қараганда, Қозоғистон Америкага Оқтов ва Қўриқдаги портларини очиб бергани сабабли Россия раҳбарияти ранжиган. Эслатиб ўтамиз, бу портлар Каспий денгизида бўлиб, Америка шу икки порт орқали Афғонистонга ўз юкларини олиб ўтиши мумкин.

Исм-фамилиясини сир тутган россиялик раҳбар лавозимли шахслардан бири Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг худди шу масалага тааллуқли ҳужжатни имзолаши Россия билан маслаҳатлашмасдан, бу ҳақда қўшни давлат раҳбарларини огоҳ этмасдан амалга оширилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шубҳасиз, Қозоғистондаги кўзга кўринган сиёсатчилар, обрўли шахслар расмий Москванинг бу таъналаридан ҳайратга тушган. Масалан, қозоғистонлик тадбиркор Ойдан Карибжоновнинг айтишича, Америкага икки портни очиб берилиши ҳам Ўрта Осиёда тинчлик ҳукм суришини таъминлаб берган. Сабаби, Америка қуролли кучлари нафақат Афғонистонни, балки бутун Ўрта Осиёни ҳимояси остига олган экан. Карибжонов Лавровнинг фикрларига жавоб сифатида 1999-2000 йиллардаги воқеаларни эслатиб ўтди. Ўшанда бир неча юзлаб жангарилар Афғонистондан Тожикистон тарафига ўтиб, Қирғизистонга кириб боришгани, у ерда 20 кишини гаровга олгани, улар орасида Қирғизистон хавфсизлик ходимлари ва Япония геологлари ҳам бўлганини алоҳида тилга олди.

Қозоғистон ҳукумат раҳбарлари мамлакат бундан буён мустақил иш юритиш йўлига ўтганини сир тутишмаяпти. Бунга жиддий сабаблар йўқ эмас албатта. Қозоғистон тадбиркорлари бунга мамлакати ичкарисида бензин танқислиги юзага келганда, ростакамига мушкулотлар исканжасида қолишгани асосий сабаб бўлганини қайта эслаб ўтишди. Ўшанда Россия билан муносабатлар совуқлашиши туфайли бу давлат Қозоғистонга бензин ёқилғиси етказишни қисқартирганди. Гарчи Қозоғистонда нефтни қайта ишлаш корхоналари мавжуд бўлса-да, улар аҳолига тўлиқ бензин етказиб бериш қувватига эга эмасди. Бу нарса мамлакат иқтисоди пойига даҳшатли даражада болта урган. Бензин ҳайдовчиларга талон орқали тарқатилган. Шунга мажбур бўлишган.

Қозоғистон энергетика вазири Қанот Бозумбоев Россия бензинини темир йўл орқали олиб келиш жиддий қисқартирилганини маълум қилиб, бундан буён Қозоғистон шу каби масалаларда Россияга қарам бўлмаслиги тайинлигини айтди. Вазирнинг айтишича, мамлакатдаги учта йирик нефтни қайта ишлаш заводи модернизация қилинди. Энди улар мамлакатдаги бензинга бўлган талабни юз фоиз қондира олади. Чунки худди шу заводларда Евро-4, Евро-5 бензини ишлаб чиқарилмоқда. Яна тўртинчи заводни ҳам қисқа муддатларда бунёд этиш режага киритилган.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистоннинг АҚШ билан ҳамкорликда ишлаши Россия раҳбариятига сира ёқмаяпти…