16:43 / 16.08.2018
4 819

Миср подшоҳини қўрқитган қора танли мусулмон

Миср подшоҳини қўрқитган қора танли мусулмон
Мусулмонлар Мисрни фатҳ этгани келишганда, Бобилиюн қўрғони олдигача бориб тўхташди. Подшоҳ Муқавқис мусулмонлар билан музокара ўтказишга рағбат кўрсатди ва улар нимани хоҳлаётганларини билиш учун бир вафд (делегация) жўнатди. Сўнг улар ҳам бир вафд жўнатмоқликларини сўради. Амр ибн Ос уларга ўн кишилик жамоани юборди. Уларнинг ичида Убода ибн Сомит ҳам бор эди. Убода жуда қора, бўйи узун киши эди. Ҳатто, унинг бўйи ўн қарич дегувчилар ҳам бор эди. Амр сўзлаш вазифасини унга буюрди. Улар Муқавқис ҳузурига кирган вақтларида Убода ибн Сомит олдинга чиқди.

Муқавқис унинг қоралигидан қўрқиб кетди ва: «Бу қорани кўзимдан йироқ қилинг. Мен билан сўзлашгани бошқа киши чиқсин», деди. Шунда вафд аъзолари баробарига: «Бу қора бизнинг фикр ва илм жиҳатидан афзалимиздир. У – саййидимиз, яхшимиз ва пешқадамимиздир. Албатта, биз унинг фикри ва сўзига қулоқ соламиз», дейишди. Муқавқис бунга жавобан: «Бу қора сизларнинг афзалингиз бўлишига қандай рози бўласиз, ҳолбуки у сиздан тубанда бўлиши лозим эдику?» деди. Улар эса: «Ҳеч қачон! Гарчи у қора бўлсада, кўрганингдек даража, ақл ва фикрда афзалимиздир. Бизнинг ичимизда қорани инкор этадиган йўқ!» деб кескин жавоб қилишди. Шунда Муқавқис Убодага: «Олдинга чиқ, эй қора. Менга мулойим сўзла, мен сенинг қоралигингдан қўрқаман», деди. Убода Муқавқиснинг қўрқинчини кўргач, унга шундай деди: «Бизнинг қўшинимизда мингта қора бор. Улар менданда қорадирлар».

Бу – Ислом ҳазорасининг ажойиблиги ва инсонийлигини кўрсатиб турибди… Барча одамлар, ҳатто йигирманчи аср кишилари ҳам қораликни нуқсон, деб биладилар. Улар қора танлиларни оқлар қаторида бўлишга ҳақли, деб ҳисобламайдилару, қандай қилиб уларни эъзозлаб ўзларига раҳнамо қиладилар, фикр ва илмда афзал биладилар? Ислом ҳазораси келганида, бу ўлчовларни яксон қилди. Бу фикрларни аҳмоқона, деб билди. Илмини, фикрини, шижоатини афзал билган пайтда оқдан қорани олдинга қўйди.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Миср подшоҳини қўрқитган қора танли мусулмон