Трамп НАТОдан чиқиш масаласини жиддий муҳокама қилмоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп 1 апрель куни Британиянинг “The Telegraph” нашрига берган интервюсида мамлакатнинг НАТОдан чиқиши эҳтимолини жиддий тарзда кўриб чиқаётганини маълум қилди. Унинг фикрича, алянсга аъзо давлатлар АҚШ ва Исроилни Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий ҳаракатларда қўллаб-қувватлашдан бош тортгани вазиятни кескинлаштирган.
Журналистлар билан мулоқот чоғида Трамп НАТОни “қоғоздаги йўлбарс” деб атаб, унинг самарадорлигига шубҳа билдирди. “Бу масала муҳокамага арзимайдиган эмас. НАТО ҳеч қачон мени ҳайратлантирмаган. Мен уни доимо қоғоздаги куч деб билганман. Буни ҳатто Путин ҳам яхши тушунади”, — деди у.
Трампнинг таъкидлашича, НАТО давлатлари Эрон томонидан ёпилган Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш бўйича операцияда қатнашишдан бош тортган. Ушбу стратегик бўғоз орқали жаҳон нефтининг қарийб 20 фоизи ташилиши ҳисобга олинса, масаланинг аҳамияти янада ортиши аниқ.
Президент иттифоқчиларни танқид қилиб, уларнинг бундай вазиятда фаоллик кўрсатмаганини қайд этди: “Улар у ерда йўқ эди. Бу автоматик тарзда амалга оширилиши керак эди. Мен бу ерда савдо ёки келишув ҳақида гапираётганим йўқ — бу табиий бурч”, — деди у.
Шунингдек, Трамп Украина ҳам ушбу операцияда иштирок этиши керак эди, деган фикрни илгари сурди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Киевга катта ёрдам кўрсатган, аммо жавобан етарлича қўллаб-қувватлов олмаган.
Бундан аввал АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам НАТО билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаган эди. Унинг фикрича, агар алянс фақат Европа манфаатлари учун хизмат қилса ва АҚШ манфаатлари эътибордан четда қолса, бундай ҳамкорлик самарасиз бўлиши мумкин.
Интервю давомида Трамп Британия бош вазири Кир Стармерни ҳам танқид қилиб, унинг Ҳўрмуз бўғозига ҳарбий куч юборишдан бош тортганини кескин баҳолади. Шу билан бирга, у Британия ҳарбий салоҳияти ҳақида ҳам танқидий фикрлар билдириб ўтди.
Ўз навбатида, Кир Стармер бу баёнотларга жавобан мамлакат миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда мустақил қарор қабул қилишини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳозирги глобал беқарорлик шароитида Европа давлатлари билан мудофаа, хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш Британия учун устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
Умуман олганда, Трампнинг бу баёнотлари халқаро сиёсий майдонда янги муҳокамаларга сабаб бўлиб, НАТОнинг келажаги ва АҚШнинг глобал стратегияси ҳақидаги саволларни янада долзарб қилди.













