Хитой Эронни қуроллантирмоқдами: АҚШ разведкаси огоҳлантирди

Хитой Эронни қуроллантирмоқдами: АҚШ разведкаси огоҳлантирди

Яқин Шарқ атрофидаги геосиёсий вазият яна кескинлашиши мумкин. АҚШ разведка идораларида Хитой яқин ҳафталарда Эронга янги ҳаво мудофааси тизимларини етказиб беришни режалаётгани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлди. Бу ҳақда CNN уч нафар хабардор манбага таяниб хабар берди.

Манбаларга кўра, етказиб берилиши мумкин бўлган қуроллар орасида паст баландликда учувчи самолётларга жиддий хавф туғдирувчи одам кўтариб юрадиган ҳаво мудофааси тизимлари (MANPADS) ҳам бор. Бундай қуроллар айниқса ҳарбий авиация учун сезиларли таҳдид ҳисобланади.

Қайд этилишича, Хитой ушбу етказиб бериш жараёнида ўз изини яшириш мақсадида таъминотни учинчи давлатлар орқали амалга ошириши мумкин. Бу эса эҳтимолий битимни янада мураккаб ва яширин шаклга келтиради.

Мутахассислар фикрича, агар бу маълумотлар тасдиқланса, бу ҳолат Хитойнинг Эрон билан ҳарбий-техник ҳамкорлигида янги босқични англатади. Чунки ҳозирга қадар Хитой компаниялари асосан икки мақсадли — яъни фуқаролик ва ҳарбий соҳаларда қўлланиши мумкин бўлган технологияларни етказиб бериб келаётгани айтилади.

Бевосита ҳаво мудофааси тизимларини сотиш эса халқаро санкциялар фонида жиддий ўзгариш сифатида баҳоланмоқда. Бу эса минтақадаги кучлар мувозанатига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳозирча расмий Пекин бу борадаги хабарларга изоҳ бермаган. Шу билан бирга, мазкур маълумотлар халқаро ҳамжамиятда хавотир уйғотиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Charos
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.