АҚШ–Эрон музокаралари бошланди: Теҳрон “қизил чизиқлар”ни очиқлади

Яқин Шарқдаги мураккаб сиёсий вазият фонида АҚШ ва Эрон ўртасида билвосита музокараларнинг илк босқичи ўтказилди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар берди.
Манбаларга кўра, томонлар тўғридан-тўғри эмас, балки воситачи орқали мулоқот олиб борган. Хусусан, Шаҳбоз Шариф бошчилигидаги Покистон томони воситачилик қилган. Эрон ва АҚШ делегациялари у билан алоҳида-алоҳида учрашувлар ўтказган. Ҳозирча икки давлат ўртасида бевосита музокаралар ўтказилиши режалаштирилмагани айтилмоқда.
Шу билан бирга, IRIB маълумотига кўра, Теҳрон воситачи томон орқали АҚШ билан музокаралар учун ўзининг қатъий “қизил чизиқлар” рўйхатини тақдим этган.
Унга қуйидаги асосий талаблар киритилган:
- Ҳормуз бўғози устидан Эроннинг тўлиқ суверен назоратини тан олиш;
- уруш оқибатлари учун товон пули тўлаш;
- Эроннинг хориждаги музлатилган активларини озод қилиш;
- минтақада кенг қамровли ва узоқ муддатли тинчликни таъминлаш.
Маълум қилинишича, Эрон ушбу шартларни якуний келишув учун муҳим ва мажбурий деб ҳисобламоқда. Таҳлилчиларга кўра, мазкур талаблар музокаралар жараёнини мураккаблаштириши мумкин, бироқ улар Теҳроннинг позициясини аниқ ифодалайди.
Ҳозирча АҚШ томони ушбу шартларга расмий муносабат билдирмаган. Шу билан бирга, музокараларнинг давом этиши минтақадаги барқарорлик ва хавфсизлик масалаларида муҳим аҳамият касб этиши мумкин.













