Қўшма Штатлар ҳарбий кемалари Ҳўрмуз бўғозига кирди

Яқин Шарқда кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига қарашли кемалар Ҳормуз бўғози орқали Форс кўрфази ҳудудига кириб борди.
Маълум қилинишича, \"Frank E Petersen\" ва \"Michael Murphy\" номли ҳарбий кемалар ҳудудда ўрнатилган миналарни зарарсизлантириш вазифасини бажариш учун йўналтирилган. Ушбу миналар Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан жойлаштирилгани тахмин қилинмоқда.
Операциянинг асосий мақсади — сўнгги олти ҳафта давомида блоклаб қўйилган стратегик денгиз йўлагини қайта очишдан иборат. Мазкур йўлак жаҳон энергетика бозори учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унинг ёпилиши глобал нефт нархларининг кескин ошишига сабаб бўлгани айтилмоқда.
Мутахассислар фикрича, агар ушбу йўналиш тўлиқ тикланса, бу халқаро бозорлардаги босимни бироз камайтириши мумкин. Шу билан бирга, ҳарбий операциянинг ўзи минтақадаги кескинликни янада кучайтириши эҳтимоли ҳам истисно этилмаяпти.
Ҳозирча расмий томонлар ушбу ҳаракатлар юзасидан батафсил изоҳ бермаган бўлса-да, вазият халқаро ҳамжамият томонидан диққат билан кузатилмоқда.













