Эрон БМТ орқали бешта араб давлатидан товон тўлашни талаб қилмоқда

Эрон БМТ орқали бешта араб давлатидан товон тўлашни талаб қилмоқда

Эрон томони Бирлашган Миллатлар Ташкилотига расман мурожаат қилиб, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Иорданиядан “Эронга қарши АҚШ–Исроил ҳарбий тўқнашувидаги иштироки учун” товон тўлаш талабини илгари сурди. Бу ҳақда Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амир Саид Иравоний маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, мазкур беш давлат халқаро мажбуриятларни бузган ва шу сабабли Эронга етказилган барча зарарларни тўлиқ қоплаши керак. Бу компенсация моддий йўқотишлар билан бирга, маънавий ва иқтисодий зарарларни ҳам қамраб олиши лозимлиги айтилган.

Дипломат компенсация миқдори ҳозирча аниқ белгиланмаганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу масала бўйича ҳисоб-китоблар давом этмоқда ва якуний рақамлар кейинроқ эълон қилинади.

Аввалроқ, март ойида Эроннинг БМТдаги вакили Антониу Гутерриш номига мактуб йўллаб, Яқин Шарқдаги айрим давлатларни АҚШнинг Эронга қарши ҳаракатларига ҳудудларидан фойдаланишга рухсат берганликда айблаган эди.

Эрон ҳукумат вакили Фотима Муҳожиронийнинг маълум қилишича, дастлабки баҳоларга кўра, АҚШ ва Исроил зарбалари натижасида мамлакатга етказилган умумий зарар 270 миллиард долларгача етиши мумкин. Бу ҳозирча фақат илк, тахминий ҳисоб-китоблар ҳисобланади.

Мутахассислар аввал инфратузилма ва биноларга етган зарарни баҳолашни, кейин эса давлат даромадлари йўқотилиши ҳамда саноат корхоналарининг тўхтаб қолиши оқибатларини ҳисоблашни режалаштирмоқда.

Шу билан бирга, Эрон томони АҚШ билан эҳтимолий ҳарбий товон масаласини ҳам муҳокама қилаётгани айтилмоқда. Бу мавзудаги музокаралар сўнгги ҳафтада Исломободда ўтказилган учрашувларда ҳам кўтарилган.

Халқаро оммавий ахборот воситалари, жумладан The Jerusalem Post манбаларига кўра, олти ҳафталик тўқнашувлар давомида Эрон иқтисодиётига 140–145 миллиард доллар атрофида зарар етказилган бўлиши мумкин.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.