Туркияда ўзбекистонлик ишчи пресс остида ҳалок бўлди

Туркиянинг Сакаря вилояти, Сўғутли туманида жойлашган саноат ҳудудида аянчли воқеа содир бўлди. Алюминий ишлаб чиқариш корхонасида меҳнат қилаётган 54 ёшли ўзбекистонлик ишчи бахтсиз ҳодиса қурбонига айланди. Бу ҳақда Туркия маҳаллий оммавий ахборот воситалари маълум қилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 8 май куни заводда фаолият юритаётган О.Э. исмли ишчи номаълум сабабларга кўра йирик пресс дастгоҳи остида қолиб кетган. Ҳодиса содир бўлиши биланоқ унинг ҳамкасблари зудлик билан тегишли хизматларга хабар берган.
Воқеа жойига кўп сонли қутқарув гуруҳлари — ўт ўчирувчилар, тез тиббий ёрдам ва полиция ходимлари етиб келган. Афсуски, ишчи оғир жароҳатлар оқибатида ҳодиса жойининг ўзида ҳаётдан кўз юмган.
Дастлабки маълумотларга кўра, марҳум жорий йилнинг 22 март куни қонуний равишда Туркияга келиб, рўзғорини яхшилаш ва янги ҳаёт бошлаш мақсадида иш бошлаган эди. Бироқ унинг меҳнат фаолиятига икки ой ҳам тўлмай туриб, ушбу фожиа содир бўлди.
Ҳозирда Сакаря Республика прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, суд-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мутахассислар воқеа сабабларини аниқлаш учун заводдаги хавфсизлик камералари ёзувларини ва ишлаб чиқариш ускуналарини текширмоқда. Ҳодиса эҳтиётсизлик ёки техник носозлик натижасида юз бергани ўрганилмоқда.
Марҳумнинг жасади ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизага юборилган. Тергов ишлари давом этаётгани сабабли корхонадаги ишлаб чиқариш жараёни вақтинча тўхтатилган.













