Қурол-яроғ экспорти бўйича жаҳондаги етакчи давлат маълум қилинди

Қурол-яроғ экспорти бўйича жаҳондаги етакчи давлат маълум қилинди
Стокгольмдаги Тинчлик муаммолари тадқиқоти институти (SIPRI) жаҳондаги қурол-яроғ экспорти ҳолати ҳақида янги ҳисобот эълон қилди. Ўтган йилда бўлгани каби, қуроллар экспорти бўйича энг йирик давлатлар орасига АҚШ, Россия, Франция, Германия ва Хитой киритилди, улар 2014-2018 йилларда савдоларнинг 75 фоизини таъминлаб берган. Шу билан бирга, АҚШ ва Россиянинг жами ҳажми 57%ни ташкил этади.

Экспертлар фикрига кўра, 2014-2018 йилларда анъанавий қуроллар асосий турларининг халқаро етказиб бериш ҳажми 2009-2013 йилларга нисбатан 7,8 фоизга ва 2004-2008 йилларга нисбатан 23 фоизга ўсган. Таъкидланишича, сўнгги беш йил ичида Яқин Шарққа қурол етказиб бериш 2009-2013 йилларга нисбатан ортган, бошқа минтақаларга эса камайган, дея хабар беради «Кun.uz».

Ҳисоботга кўра, қуроллар бозорида АҚШнинг улуши 6 фоизга ошиб, 36 фоизни ташкил этди. АҚШ экспортининг ярмидан кўпи (52%) Яқин Шарққа тўғри келади.

«АҚШ дунёда қурол етказиб бериш бўйича ўз етакчи позициясини янада мустаҳкамлади. Сўнгги беш йил ичида АҚШ камида 98 мамлакатга қурол етказиб берган; бу ҳажмлар замонавий қуроллар, масалан, жанговар самолётлар, кичик масофадаги қанотли ва баллистик ракеталар ҳамда кўплаб бошқариладиган бомбаларни ўз ичига олган», - деган SIPRI’нинг қурол-яроғ ва ҳарбий харажатлар дастури директори Од Флеран.

Россиянинг 2014-2018 йилларда бозордаги улуши, аксинча, 2009-2013 йилларга нисбатан 17%га камайди. Таъкидланишича, бу қисман Ҳиндистон ва Венесуэла томонидан қуроллар импорти қисқариши билан боғлиқ. Сўнгги беш йил ичида Россия 48 мамлакатга қурол-аслаҳа етказиб берди. Умумий ҳажмининг 55 фоизи Ҳиндистон, Хитой ва Жазоирга тўғри келади.

Франция ва Германия 2014-2018 йилларда экспорт ҳажмини 43 фоизга ва 13 фоизга оширган. ЕИ давлатлари экспортининг жами ҳажми дунёдаги кўрсаткичдан 27%ни ташкил этди. Энг йирик экспортёрлар бешлигига якун ясаб берган Хитой савдоларни 2,7 фоизга оширди. Сўнгги беш йил ичида Исроил, Жанубий Корея ва Туркиядан қуроллар экспорти сезиларли даражада ўсди (60%, 94% ва 170%).

Энг йирик импорт қилувчиларга Саудия Арабистони (2009-2013 йилларга нисбатан +192%), Миср (+206%), Исроил (+354%), Қатар (+225%) ва Ироқ (+159%) айланди. 2014-2018 йилларда Осиё ва Океания мамлакатлари ҳарбий юклар умумий ҳажмининг 40 фоизини олган.
"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.