Саудия Арабистонида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаол қамоқдан озод қилинди

Саудия Арабистонида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаол қамоқдан озод қилинди
Фото: The Guardian
Аёллар ҳуқуқлари фаоли Лужайн ал-Ҳатлул Саудия Арабистонидаги қамоқдан озод қилинди, дея хабар бермоқда BBC.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси 10 февраль куни озод қилинди. Нашрнинг таъкидлашича, ал-Ҳатлулга оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилиш ва Саудия Арабистонидан чиқиб кетиш тақиқланган. Ал-Ҳатлул оиласининг билдиришича, фаол унга қўйилган чекловларга қарши чиқмоқчи.

«Биз ҳақиқий адолатни қўлга киритмоқчимиз. Лужайн тўлиқ, сўзсиз озод бўлиши учун», – дейди синглиси Лина.

Бундан ташқари, ал-Ҳатлул уни қамоқхонада қийноққа солганларни, хусусан, валиаҳд шаҳзода Сауд ал-Қаҳтонийнинг собиқ маслаҳатчисини судга бермоқчи.

Фаол 2020 йил охирида «қиролликни беқарорлаштиришга уриниш» айблови билан беш йил-у саккиз ойга озодликдан маҳрум қилинган эди. Бунгача ал-Ҳатлул фаол равишда аёлларга машина ҳайдашга рухсат берилишини тарғиб қилган. У 2018 йил май ойида, Саудия Арабистонидаги аёлларга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи берилишидан бир неча ой олдин ҳибсга олинган.

Аёллар автомобиль бошқариши учун рухсат берувчи қонун қабул қилинганига қарамай, на ал-Ҳатлул ва на бошқа фаоллар озод қилинган. Улар бир неча бор қамоқхонада қийноққа солингани ҳақида хабар берилган.
"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.