Британияда “Ўзбекистон — Олтин йўл” фильми намойиш этилади

Британиянинг нуфузли “Channel 4” телеканалида бугун, 18 октябрь куни, соат 19:00 да “UZBEKISTAN THE GOLDEN ROAD” (“Ўзбекистон — Олтин йўл”) номли ҳужжатли фильмнинг премьераси бўлиб ўтади.
Ушбу фильм Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Туризм қўмитаси ҳамкорлигида яратилган бўлиб, у мамлакатимиз тарихини ва табиий гўзалликларини замонавий киноэффектлар орқали ёритиб беради.
Картинанинг муаллифи — Британиянинг машҳур тарихчи олимаси, ёзувчи ва телебошловчи Беттани Хюз. У фильмни ўзининг машҳур “Treasures of the World” (“Жаҳон хазиналари”) сериали доирасида суратга олган.
Маълумотларга кўра, “Ўзбекистон — Олтин йўл” фильмини яқин кунларда мамлакатимиз телеканалларида ҳам намойиш этиш режалаштирилган.
Бу лойиҳа Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий мероси ва туризм салоҳиятини жаҳонга янада кенгроқ тарғиб қилишга хизмат қилади.













