Файзуллаев ва Шомуродов “Башакшеҳир”га ғалабани олиб берган кеча (видео)

Файзуллаев ва Шомуродов “Башакшеҳир”га ғалабани олиб берган кеча (видео)

Туркия Суперлигасининг 14-туридан ўрин олган “Қосимпошо” – “Башакшеҳир” баҳси кўпчилик кутгандан ҳам жозибали ўтди. Устоз Нури Шаҳин бошқарган меҳмон жамоа рақиб майдонида 3:1 ҳисобида ишончли тарзда зафар қучди ва бу кечада асосий ролни айнан ўзбекистонлик футболчилар бажарди.

Учрашувни фаол ва ҳужумкор бошлаган “Башакшеҳир” 26-дақиқада ҳисобни очди — Аббосбек Файзуллаев жарима зарбасини моҳирона ижро этиб рақиб дарвозасига тўпни йўллади. Аббоснинг ҳаракатидан жамоа руҳи сезиларли кўтарилди ва орадан кўп вақт ўтмай, Амине Ҳарит биринчи таймнинг охирида ҳисобни 2:0 қилиб қўйди.

Иккинчи бўлимда “Қосимпошо” жонланиб, Ароус орқали битта гол қайтарди. Лекин бу гол меҳмонларнинг ўйинини янада кучайтиришига сабаб бўлди. Учрашувнинг қўшимча дақиқаларида эса ўзбекистонлик яна бир юлдуз саҳнага чиқди — Элдор Шомуродов. У жарима майдони ташқарисидаги вазиятдан усталик билан фойдаланиб, дарвозабонни доғда қолдирди ва ушбу голи билан учрашувга нуқта қўйди.

Шу тариқа, Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Элдорнинг Суперлигадаги голлари сони 10 тага етди — у Туркияда ҳам ҳақиқий етакчига айланиб бормоқда. Аббосбек эса ўйиндан-ўйинга ўсишда давом этяпти, жамоа учун ҳал қилувчи вазиятлар яратмоқда.

Ушбу муҳим ғалаба “Башакшеҳир”га 16 очко тўплаб, турнир жадвалида 9-поғонага кўтарилиш имконини берди. “Қосимпошо” эса 13 очко билан 14-ўринда қолиб кетди.

Туркия Суперлигаси. 14-тур
Қосимпошо – Башакшехир 1:3
Голлар: Ароус 79 – Аббосбек Файзуллаев 26, Ҳарит 45+4, Элдор Шомуродов 90+3.

Башакшехир таркиби:
Шенгезер, Булут, Дуарте, Опоку, Опери, Файзуллаев (Гурелер, 78), Кемен (Креспо, 78), Ҳарит (Да Коста, 72), Зелке, Шомуродов.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.