Фабрегаснинг «Комо»си Римда «Лацио»ни нақд "ерга урди"...

Фабрегаснинг «Комо»си Римда «Лацио»ни нақд "ерга урди"...

Италия чемпионатида 21-турнинг пардаси ёпилар экан, энг сўнгги баҳс Римда ўтди. «Лацио» ўз майдонида «Комо»ни қабул қилди, аммо учрашув мезбонлар учун эмас — Сеск Фабрегас шогирдлари учун байрамга айланди. Меҳмонлар рақибни мутлақ устунлик билан 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, катта ғалабани қўлга киритди.

Учрашув тақдири анча эрта ҳал бўла бошлади. Ҳисобни 2-дақиқада Батурин очди — «Лацио» ҳали ўйинга киришиб улгурмаган пайтдаёқ «Комо» зарбасини еб қўйди. Шундан кейин ҳам меҳмонлар ҳужумдан тўхтамади: 24-дақиқада Пас ўз номини таблога ёздирди. У шу билан чекланиб қолмади — 49-дақиқада яна бир бор гол урди ва дубль расмийлаштирди.

Қизиғи, Пас бу кечада янада “ёриб кетиши” ҳам мумкин эди. 35-дақиқада «Комо» пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди, аммо Пас 11 метрлик зарбани голга айлантира олмади. Бироқ, ўйиннинг умумий манзараси ўзгармади: «Комо» барибир тўлиқ назоратда ўйнади ва ҳисобни ишончли тарзда сақлаб қолди.

Шу тариқа, «Комо» очколари сонини 37 тага етказиб, жадвалда 6-ўринга кўтарилиб олди. «Лацио» эса 28 очко билан 9-поғонада қолди — уйда 0:3 ҳисобида ютқазиш Римдаги мухлислар учун оғир зарба бўлгани аниқ.

А Серия. 21-тур
Лацио – Комо 0:3
Голлар: Батурин 2, Пас 24, 49
Фойдаланилмаган пеналти: Пас 35

«Лацио»: Проведел, Марушич, Жила, Романиоли, Белайн, Каталди (Ровелла, 54), Пеллегрини (Лаззари, 67), Тэйлор, Кансиллиери (Исаксен, 53), Ратков (Нослин, 53), Заккани.
«Комо»: Бутез, Смолчич (Пош, 46), Рамон, Карлос, Валле, Какре (Роберто, 67), Перроне, да Куня, Пас, Родригес, Батурин.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.