Бибисара Номзодлар турниридаги ғалабаси ва Синдаров ҳақида гапирди...

Аёллар ўртасида Номзодлар турнирида баҳслар қизғин давом этмоқда. Қозоғистонлик гроссмейстер Бибисара Ассаубаева украиналик машҳур шахматчи Анна Музичук устидан муҳим ғалабага эришгач, ўйин ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Унинг таъкидлашича, мазкур партия унга жуда ёқимли таассурот қолдирган. Ассаубаева дебют қисмида устунликка эга бўлганини, шунингдек вақт бўйича ҳам афзаллик сезилганини айтиб ўтди. Бироқ ўрта босқичда йўл қўйилган хато сабабли вазият мураккаблашган ва ҳатто ўйин дуранг билан якунланиши мумкин бўлган.
Шунга қарамай, у охирида ғалабани қўлга киритганидан мамнун эканини билдирди.
«Ҳозир ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Икки марта кетма-кет мағлубиятдан кейин имкониятларим тугаган деб ўйлагандим. Лекин сўнгги икки партияни ютдим ва яна курашга қайтдим», — деди Ассаубаева.
Унинг сўзларига кўра, охирги турда у қўшимча босим сезмайди ва шунчаки ўйинидан завқ олишни мақсад қилган. У бу баҳсда қора доналар билан ҳаракат қилади.
«Натижа қандай бўлишини ўйин кўрсатади», — деди у.
Шунингдек, у ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Ассаубаева унинг ютуғидан чин дилдан хурсанд эканини айтди.
«Жавоҳирни 5 йилдан бери биламан. Бирга катта бўлганмиз, бир-биримизнинг ютуқларимизни кузатиб келганмиз. У жуда яхши инсон, меҳрибон ва муносиб ғолиб», — деди у.
Унинг таъкидлашича, икки шахматчи ўртасида ўзаро қўллаб-қувватлаш мавжуд бўлиб, бирининг ютуғи иккинчисига ҳам илҳом беради. Ассаубаева ҳатто Синдаровнинг жаҳон чемпионлигига эришишини ҳам исташини билдирди.
Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда улар ўртасида дўстона муносабатлар мавжудлиги ҳақида турли хабарлар тарқалган.












