Конференциялар лигасида йирик ғалабалар мухлисларни ҳайратда қолдирди

Конференциялар лигасида йирик ғалабалар мухлисларни ҳайратда қолдирди

Европа Конференциялар лигасининг чоракфинал босқичидаги дастлабки учрашувлар футбол ишқибозлари учун кескин кутилмаган натижалар ва ишончли ғалабалар билан ёдда қолди. Бир қатор жамоалар майдонда тўлиқ устунликни намоён этиб, жавоб ўйинлари олдидан катта афзалликни қўлга киритди.

Англияда «Кристал Пэлас» ўз уйида Италиянинг «Фиорентина» жамоасини қабул қилиб, ишончли тарзда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувда мезбонлар ҳужумда жуда фаол ҳаракат қилиб, рақибга деярли имконият қолдирмади. Матета 24-дақиқада ҳисобни очган бўлса, Митчелл 32-дақиқада устунликни оширди. Қўшимча вақтда Сарр ҳам гол уриб, йирик ҳисобни мустаҳкамлади.

Кристал Пэлас — Фиорентина 3:0
Голлар: Матета 24, Митчелл 32, Сарр 90+1

Украина жамоаси «Шахтёр» ҳам ўз майдонида Нидерландиянинг «АЗ» клуби устидан ишончли ғалабага эришди — 3:0. Учрашувнинг иккинчи бўлимида жамоа босимни кучайтириб, рақиб дарвозасини бир неча бор ишғол қилди. Педринио 72-дақиқада биринчи голни урган бўлса, Алисон 81 ва 83-дақиқаларда дубл қайд этди.

Шахтёр — АЗ 3:0
Голлар: Педринио 72, Алисон 81, 83.

Германияда бўлиб ўтган баҳсда «Майнц» Франциянинг «Страсбург» жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Дастлабки дақиқалардаёқ немис клуби устунликни қўлга киритди: Сано 11-дақиқада ҳисобни очди, Пош эса 19-дақиқада иккинчи голни киритиб, жамоасининг ғалабасини мустаҳкамлади.

Майнц — Страсбург 2:0
Голлар: Сано 11, Пош 19.

Испаниядаги учрашувда «Райо Валекано» ўз майдонида Грециянинг «АЕК» жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ахомаш 2-дақиқада тезкор гол уриб, учрашувни жонлантирди. Лопес биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда ҳисобни оширган бўлса, Паласон 74-дақиқада якуний нуқтани қўйди.

Райо Валекано — АЕК 3:0
Голлар: Ахомаш 2, Лопес 45+2, Паласон 74

Энди барча жамоаларни жавоб учрашувлари кутиб турибди. Қарши ўйинлар бир ҳафтадан сўнг ўтказилиб, ярим финалга йўл оладиган иштирокчиларни аниқлаб беради.

Футбол мухлислари учун интрига янада қизийди — қайси жамоалар устунлигини сақлаб қолади, қайсилари камбек қила олади, бу саволларга тез орада жавоб оламиз.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.