“Манчестер Сити”га қарши баҳсда “Челси” ўз услубини ўтказа оладими?

“Челси” бош мураббийи Лиам Росениор Англия Премьер-лигасининг 32-тури доирасида “Манчестер Сити”га қарши бўладиган учрашув олдидан жамоани фаол ўйин кўрсатишга чақирди. Унинг таъкидлашича, “аристократлар” рақибга мослашишдан кўра, ўз услубини майдонга сингдиришга ҳаракат қилиши керак.
Ўйин бугун Тошкент вақти билан 20:30 да старт олади.
— “Гап рақибни (“Манчестер Сити”) тўхтатишда эмас, деб ўйлайман. Ҳаммаси навбатдаги ўйинда ғалаба қозониш ва ўз футболимизни намоён этишда.
Албатта, уларнинг кучли томонлари кўп, ажойиб мураббийлар штаби ва яхши ўзаро тушуниш бор. Улар анча вақтдан бери бирга ўйнайди, аммо биз ўз уйимизда ҳаракат қиламиз ва ўз ўйинимизни ўтказишга уринамиз.
Ҳафта давомида шу ҳақда гаплашдик. Катта мақсадларга чалғимасдан, ҳар бир ўйинга алоҳида тайёрланишимиз керак. Агар шуни уддаласак, мавсумни яхши ўтказиш учун имкониятларимиз бўлади”, — деди Росениор клуб расмий сайтига берган интервьюсида.
“Челси” Премьер-лигада яна 7 та ўйин ўтказади. Шунингдек, апрель ойи охирида Англия Кубоги ярим финалида “Лидс Юнайтед”га қарши баҳс ҳам кутилмоқда.













