"Навбаҳор" "Сурхон"ни мағлуб этиб учинчи ўринга кўтарилди

Суперлиганинг 7-тури доирасида бўлиб ўтган илк учрашув мухлислар учун қизиқарли ва курашларга бой тарзда якунланди. Унда Темур Кападзе қўл остидаги “Навбаҳор” жамоаси “Сурхон”га қарши майдонга чиқиб, ишончли 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва муҳим 3 очкога эга бўлди.
Учрашувнинг бошланиш қисмида “Сурхон” фаол ҳаракат қилиб, дастлабки 15 дақиқада ташаббусни қўлга олишга уринди. Бироқ кейинчалик наманганликлар ўйинни назоратга олиб, бир қатор хавфли ҳужумлар ташкил этди.
26-дақиқада эса “Навбаҳор” ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Жамоа етакчиларидан бири Алекс Фернандес аниқ зарбaси билан рақиб дарвозасини ишғол қилди ва таблодаги вазиятни ўзгартирди.
Иккинчи бўлимда ҳам “Навбаҳор” устунликни сақлаб қолди ва 79-дақиқада ҳисобни икки баробар оширди. Русланбек Жияновнинг чиройли узатмасидан сўнг Ваня Илич гол муаллифига айланди ва жамоанинг ғалабасини мустаҳкамлади.
Шу тариқа учрашув 2:0 ҳисобида якунланди ва “Навбаҳор” муҳим уч очкога эга бўлди.
Суперлига. 7-тур
Навбаҳор — Сурхон 2:0
Голлар: Алекс Фернандес, 26; Ваня Илич, 78.
Навбаҳор: Ўткир Юсупов, Саидазамат Мирсаидов, Гиорги Жгереная, Умар Адҳамзода, Исломбек Маматқозин, Русланбек Жиянов, Қувондиқ Рўзиев (Бенжамин Теиди, 57), Шоҳрухбек Абдураҳмонов (Диёр Холматов, 57), Алекс Фернандес, Ваня Илич (Шоҳмалик Комилов, 83), Катулонди Кати (Муҳаммадали Усмонов, 57).
Сурхон: Даврон Мерганов (Артём Потапов, 45+3), Нодирхон Нематхонов, Беҳзод Шамсиев, Жавоҳир Жўраев (Беҳрузжон Каримов, 46; Беҳруз Шайдулов, 66), Жамалидин Ходжаниязов, Достон Турсунов, Беҳруз Шукуруллаев, Сарвар Абдуҳамидов, Торнике Зебниаури (Ҳумоюн Шербўтаев, 46), Фаррухжон Қодиров (Стефан Чинеду, 46), Ричард Фрайдей.
Маълумот ўрнида, бу натижадан сўнг “лочинлар” очколарини 15 тага етказиб, турнир жадвалида 3-ўринга кўтарилди. Жамоа чемпионлик пойгасида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда.
“Сурхон” эса бу ўйиндан кейин 8 очко билан 9-поғонада қолиб кетди ва вазиятни яхшилаш учун кейинги турларда самаралироқ ўйин кўрсатиши керак бўлади.
Ҳар икки жамоа ҳам майдонда курашчанлик намойиш этди, бироқ тажриба ва реализация “Навбаҳор” фойдасига ҳал қилувчи омил бўлди.













