Арне Слот ПСЖ ҳақидаги саволга кескин жавоб берди

“Ливерпуль” бош мураббийи Арне Слот UEFA Чемпионлар Лигаси чорак финали жавоб учрашуви олдидан “ПСЖ” жамоасининг ҳужумкорлиги ва самарадорлиги ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.
У журналистлар томонидан келтирилган статистика — “ПСЖ” 45 ўйинда фақат 4 марта гол ура олмагани ҳақидаги маълумотга муносабат билдириб, мулоқотни кескин руҳда давом эттирди.
“Нега сен кайфиятимни бузмоқчисан? Буни ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Кейинги босқичга чиқиш учун бутунлай бошқача ўйин кўрсатишимиз керак ва чемпионга қарши баҳс ҳам оддий бўлмайди. Шунга қарамасдан, кайфиятни йўқотмаслигимиз, ўз ўйинимизга эътибор қаратишимиз, ҳужумкор ва агрессив ҳаракат қилиб, биринчи голни уришимиз шарт — биз буни яхши англаймиз”, — деди Слот L’Équipe нашрига.
Эслатиб ўтамиз, Чемпионлар Лигаси чорак финалининг илк учрашуви “ПСЖ”нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган эди. Жавоб ўйини 14 апрель куни ўтказилади.













