Ўзбекистон Суперлигасида қизиқ тур: дербилар ва интрига кутилмоқда

Ўзбекистон Суперлигасида қизиқ тур: дербилар ва интрига кутилмоқда

Ўзбекистон Суперлигасида 10-тур старт олмоқда ва бу галги тур мухлислар учун ҳақиқий футбол байрамига айланиши кутилмоқда. Бир қатор дербилар, принципиал тўқнашувлар ва кутилмаган натижалар эҳтимоли — ҳаммаси бор. Демак, бу турни ўтказиб юбориш — ўзингга қарши ишлаш билан тенг.

27 апрель куни дастлабки ўйинларда «ОКМК» ва «Локомотив» ўзаро куч синашади. Миржалол Қосимов шогирдлари мавсумни қийин бошлаган бўлса-да, сўнгги турларда ўзини тиклаб олди — 4 ўйиндан бери мағлубият йўқ. «Локо» эса рақибидан икки очко устун. Тошкент дербиси ҳар доим кутилмаган сценарийга бой бўлади.

Шу куни «Машъал» — «Бухоро» баҳси ҳам диққат марказида. 9 турдан бери ютқазаётган муборакликлар ниҳоят мураббийни алмаштирди. Энди жамоани Элдор Сакаев бошқаради. Янги нафас бера оладими ёки серия давом этадими — асосий савол шу.

28 апрель куни «Андижон» ўз майдонида «Динамо»ни қабул қилади. «Бургутлар»да ўйин аста-секин жойига тушмоқда, натижалар ҳам яхшиланмоқда. «Динамо» эса ҳали барқарорликни топа олгани йўқ. «Бобур арена»даги атмосфера эса алоҳида шоу бўлиши аниқ.

«Сўғдиёна» — «Сурхон» қарама-қаршилигида эса эҳтиёткор футбол кутиш мумкин. Жиззахликлар ҳимояда муаммоларга эга, аммо ҳар бир очко улар учун олтинга тенг.

Турнинг марказий ўйини — «Пахтакор» ва «Насаф» тўқнашуви. «Аждарлар»да етакчилар кетиши таъсир қилмоқда, «шерлар» эса ўз услубида барқарор. Собиқ «насаф»чиларнинг янги жамоаси таркибида “Аждарлар”га қарши ўйини алоҳида интрига қўшади.

29 апрель куни Фарғона дербиси — «Нефтчи» ва «Қўқон-1912» ўртасидаги баҳс ҳам катта қизиқиш уйғотади. Бу ўйинда фаворит — майдон эгалари, лекин дербида логика ҳар доим ҳам ишламайди.

«Қизилқум» — «Хоразм» учрашуви эса мутлақо тенг рақиблар ўйини. Ҳар икки жамоа 12 очкодан жамғарган — демак, ҳар қандай натижа реал.

Турни «Бунёдкор» — «Навбаҳор» баҳси якунлайди. Молиявий муаммоларга қарамай, «қалдирғочлар» курашмоқда. Аммо «Навбаҳор» — жиддий рақиб. Бу ўйинда ҳужумлар ва эмоциялар етарли бўлиши аниқ.

Қисқача айтганда, бу тур — драйв, дерби ва драмалар микси. Футбол бор жойда сюрприз бор. Демак, экрандан узоқлашманг.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.