Жорже Жезуш мавсумдан кейин “Ан Наср”ни тарк этиши мумкин

Саудия Арабистонининг “Ан Наср” клубида муҳим ўзгаришлар кутилмоқда. Жамоа бош мураббийи Жорже Жезуш жорий мавсум якунланганидан кейин клубни тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Португалиянинг A Bola нашри маълумотига кўра, 71 ёшли мутахассис ўз қарори ҳақида клуб раҳбариятини аллақачон огоҳлантирган. Айтилишича, тажрибали мураббий Саудия Арабистонидаги фаолиятини якунлаб, ишини бошқа мамлакатда давом эттириш вариантларини кўриб чиқмоқда.
Шу билан бирга, Жезуш ҳозирча бор эътиборини “Ан Наср”нинг қолган ўйинларига қаратган. Манбаларга кўра, португалиялик мутахассис мавсум тугамагунча ҳеч қандай клуб билан расмий музокараларга киришмайди.
Бугун “Ан Наср” Осиё чемпионлар лигаси-2 финали доирасида Япониянинг “Гамба Осака” клубига қарши майдонга тушади. Шунингдек, жамоа Саудия Арабистони Про-лигаси чемпионлиги учун курашда ҳам асосий фаворитлардан бири бўлиб турибди.
Хабарда айтилишича, май ойи охирида Жорже Жезушнинг Лиссабонда Туркиянинг “Фенербаҳче” клуби вакиллари билан учрашуви режалаштирилган. Турк гранди тажрибали мураббийга бир мавсум учун тахминан 15 миллион евро маош таклиф қилишга тайёр. Бу эса Жезуш фаолиятидаги энг йирик шартномалардан бири бўлиши мумкин.













