16-май — ўзбек футболи учун унутилмас кун бўлди

16-май — ўзбек футболи учун унутилмас кун бўлди

16-май санаси ўзбек футболи мухлислари учун ёрқин ва унутилмас кунлардан бири бўлиб қолди. Бир кун ичида бир нечта ўзбекистонлик футболчилар ва терма жамоалар муҳим натижаларга эришиб, мухлисларга катта хурсандчилик улашди.

Аввало, Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» билан Англия Кубогини қўлга киритди. Финалда «шаҳарликлар» «Челси»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Ўзбекистонлик ҳимоячи ҳал қилувчи баҳсда асосий таркибда майдонга тушиб, жамоасининг ғалабасига ўз ҳиссасини қўшди. Учрашувдан кейин Ҳусанов 6.8 балл билан баҳоланди.

Шунингдек, Ўзбекистон У-17 терма жамоаси Осиё Кубоги чорак финалида Корея Республикасига қарши драматик баҳс ўтказди. Асосий вақт 2:2 ҳисобида тугаган учрашувда ёшларимиз пеналтилар сериясида 5:3 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга чиқди. Энди жамоамизни кейинги босқичда Япония терма жамоаси кутиб турибди.

Европада тўп сураётган футболчиларимиз ҳам мухлисларни қувонтиришда давом этди. Туркия чемпионатида Элдор Шомуродов ўз ҳисобини гол билан бойитди. «Истанбул Башакшеҳир» сафида ҳаракат қилган ҳужумчи рақиб дарвозасини ишғол қилди ва жамоасининг муҳим ғалабасига ҳисса қўшди.

Аббос Файзуллаев эса ушбу учрашувда ассист муаллифига айланди. Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи голли узатмаси билан жамоадошига имконият яратиб берди ва яна бир бор ўзининг юқори салоҳиятини намойиш этди.

Шу тариқа, 16-май куни ўзбек футболи учун ҳақиқий байрамга айланди. Ёшлар терма жамоасининг тарихий натижаси, Абдуқодир Ҳусановнинг Англия Кубогидаги зафари ва легионерларимизнинг Европа майдонларидаги самарали ҳаракатлари мухлисларга катта кайфият улашди


"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nodirbek Razzokov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.