Марказий Осиёда энг кучли паспорт — Қозоғистонники

Жаҳон паспортлари рейтинги янгиланди, деб хабар берди Henley & Partners компанияси. Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон паспорти визасиз кириш мумкин бўлган давлатлар сонига кўра 82-ўринни эгаллади. Бу фуқароларимиз 61 та мамлакатга виза талабисиз бориши мумкинлигини англатади.
Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори ўринни Қозоғистон эгаллади — 67-ўрин. Қозоғистонликлар 78 та давлатга эркин саёҳат қила олади. Қирғизистон 81-ўринда (62 та давлат), Ўзбекистон 82-ўринда (61), Тожикистон 87-ўринда (55), Туркманистон эса 93-ўринда (48 та давлат).
Дунё бўйича эса Сингапур ўз етакчилигини сақлаб қолди — бу мамлакат фуқаролари 227 давлатдан 193 тасига визасиз кира олади. Уни Жанубий Корея (190 давлат) ва Япония (189 давлат) кузатиб бормоқда.
АҚШ илк бор кучли ўнталикни тарк этиб, 12-ўринга тушди ва бу ўринни Малайзия билан бўлишмоқда. Россия ҳам рейтингда пасайиб, 50-ўринга тушди.

“Henley Passport Index” таҳлилчилари таъкидлашича, кейинги йилларда Осиё давлатлари дунёдаги “энг кучли паспортлар” рўйхатида етакчиликни мустахкамламоқда. Бу эса иқтисодий барқарорлик ва халқаро ҳамкорликнинг ўсиб бориши билан изоҳланади.













