Мануэль Нойер Бавария билан шартномани узайтирмоқда

Мавсум якунига яқинлашар экан, Мануэль Нойер яна диққат марказида. Бавария сардори ўз фаолиятини яна бир йилга узайтириш бўйича клуб раҳбарияти билан келишувга эришди. Маълумотларга кўра, тажрибали дарвозабон маошининг қисқартирилишига рози бўлган ва шартнома расман Бундеслига доирасидаги 1. ФК Кёлн билан ўйиндан олдин имзоланади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Клуб фахрий президенти Ули Ҳоэнесс ҳам Нойернинг жамоада қолишини қўллаб-қувватлаган. Янги шартномага кўра, 22 ёшли Жонас Урбиг иккинчи дарвозабон сифатида ўз ўрнини сақлаб қолади ва Нойер унга устозлик қилишда давом этади. Свен Улреич эса учинчи дарвозабон сифатида жамоада қолиши кутилмоқда.
Нойернинг жорий мавсумдаги ишончли ўйини мухлисларда унинг Германия терма жамоасига қайтиши борасида умид уйғотган эди. Бироқ, дарвозабон бу борадаги қарори қатъий эканлигини ва терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини яна бир бор таъкидлади.
Бош мураббий Жулиан Нагелсманн ҳам Нойернинг терма жамоага қайтиши ҳақидаги миш-мишларга нуқта қўйди. Унинг сўзларига кўра, Мануэль ўз хоҳиши билан терма жамоадан кетган ва бу масалани қайта муҳокама қилишдан маъно йўқ.













