15 майда Ўзбекистонни нечи даража иссиқлик кутмоқда?


15 май, жума куни Ўзбекистон ҳудудларида асосан қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб қолади. Ўзгидромет маълумотига кўра, республика бўйлаб ёғингарчилик кутилмаяпти, айрим ҳудудларда эса кучли шамол ва чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида ҳаво ўзгарувчан бўлади, ёмғир ёғиши эҳтимоли паст. Шарқий йўналишдан эсувчи шамол 3-8 метр/секунд тезликда кузатилади. Кечаси ҳаво ҳарорати 16-18 даража атрофида бўлса, кундузи 32-34 даражагача исийди.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида ҳам қуруқ об-ҳаво сақланади. Айрим жойларда шамол тезлиги 20-22 метр/секундгача кучайиши ва чанг-тўзонлар юзага келиши мумкин. Ҳудудларда кундузги ҳарорат 30-35 даражагача етади.
Бухоро ва Навоий вилоятларида эса янада иссиқ ҳаво кузатилиб, термометр кўрсаткичи айрим жойларда 37 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Шунингдек, кучли шамол ва чанг кўтарилиши эҳтимоли бор.
Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳам ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади. Кундузи ҳаво 30-35 даражагача исийди.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида энг юқори ҳароратлардан бири кузатилиши мумкин. Бу ҳудудларда кундузи 37 даражагача иссиқ бўлиши прогноз қилинган.
Фарғона водийси — Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам ҳаво қуруқ бўлади. Кундузи ҳарорат 30-35 даража оралиғида сақланади.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида эса айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундузи 20-25 даража атрофида бўлади.
Мутахассислар 15-22 май кунлари тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқини хавфи борлигидан огоҳлантирди. Шу боис аҳолидан эҳтиёткор бўлиш сўралмоқда.













