Трамп Эронга кескин таҳдид қилди: улар ўн йил давомида электрсиз қолади

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга нисбатан жуда кескин баёнот бериб, мамлакатнинг электр инфратузилмасига зарба бериш орқали уни узоқ муддат электрсиз қолдириш мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у Fox News телеканалига берган интервюсида гапирди.
Трампнинг таъкидлашича, бундай эҳтимолий ҳужум натижасида Эроннинг энергетика тизими жиддий зарар кўради ва мамлакат узоқ йиллар давомида электр таъминотисиз қолиши мумкин.
“Биз уларга зарба беришимиз мумкин. Шундай қиламизки, улар ўн йил давомида электрсиз қолади”, — деди у.
Америка раҳбари шунингдек, агар бундай сценарий амалга оширилса, Эрон ўз энергетика инфратузилмасини қайтадан тўлиқ қуришга мажбур бўлишини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бу жараён мамлакат учун катта иқтисодий ва техник йўқотишларга олиб келади.
Трамп, шу билан бирга, АҚШ Эрон ҳудудидаги стратегик объектлар, жумладан кўприклар ҳам нишонга олиниши мумкинлигини яширмади.
Шу орада 11–12 апрел кунлари Исломободда АҚШ ва Эрон делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтгани маълум қилинди. АҚШ томонидан вице-президент Жей Ди Вэнс, махсус вакил Стив Уиткофф ҳамда Трампнинг куёви Жаред Кушнер иштирок этган. Эрон делегациясига эса парламент раиси Муҳаммад Боқир Ғолибоф ва ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи раҳбарлик қилган.
Музокаралардан сўнг Жей Ди Вэнс Эрон АҚШ қўйган шартларни қабул қилмагани ва ядро қуроли яратишдан воз кечишга тайёр эмаслигини билдирганини айтди. Эрон ТИВ эса айрим масалалар бўйича келишмовчиликлар сақланиб қолаётганини тан олган бўлса-да, мулоқотни давом эттиришга умид билдирди.
Ҳозирча вазият кескинлигича қолмоқда ва томонлар ўртасидаги сиёсий зиддият янада кучайиши мумкинлиги айтилмоқда.













