Атиги 5 дақиқада стрессни енгиш мумкинми? Олимлар жавоб берди

Замонавий тадқиқотлар қадимий нафас олиш амалиётларининг инсон саломатлиги учун фойдали эканини яна бир бор тасдиқламоқда. Олимлар фикрича, кунига бир неча дақиқа бажариладиган нафас машқлари стрессни камайтириб, асаб тизимини тинчлантириши мумкин. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.
Мутахассислар таъкидлашича, аксарият одамлар тез ва юзаки нафас олади. Бу эса стресс ҳолатини кучайтиради. Секин ва чуқур нафас олиш эса асаб тизимини мувозанатга келтириб, организмни хотиржам ҳолатга ўтказади.
Олимлар нафас машқлари кортизол — стресс гормони миқдорини пасайтириши, уйқу сифатини яхшилаши ва ҳиссий мувозанатни кучайтиришини қайд этмоқда.
Мутахассислар тавсия қилган энг самарали нафас машқлари қуйидагилар:
Циклик хўрсиниш — бурун орқали икки марта нафас олиб, оғиз орқали секин чиқариш. Бу усул асаб тизимини тез тинчлантиради.
Қути шаклида нафас олиш — нафас олиш, ушлаб туриш ва чиқариш бир хил вақтда бажарилади. У диққатни жамлаш ва стрессни бошқаришга ёрдам беради.
4-7-8 усули — 4 сония нафас олиш, 7 сония ушлаб туриш ва 8 сония чиқаришдан иборат. Бу машқ уйқуни яхшилашда самарали ҳисобланади.
Мувофиқ нафас олиш — нафас олиш ва чиқаришни бир хил ритмда бажариш юрак ритмини барқарорлаштиради ва ҳиссий мувозанатни кучайтиради.
А52 усули — 5 сония нафас олиш, 5 сония чиқариш ва 2 сония танаффус қилишга асосланган. Бу машқ организмни бўшаштиришда фойдали саналади.
Олимлар фикрича, нафас машқларининг энг муҳим жиҳати — уларни мунтазам бажаришдир. Кунига атиги 3–5 дақиқа ажратиш ҳам стрессни камайтириш ва умумий саломатликни яхшилашга ёрдам беради.











