Бармоқ билан селфи тушиш қанчалик хавфли?

Бармоқларни кўрсатиб селфига тушиш хавфли бўлиши мумкин. Мутахассислар интернетга жойланадиган, айниқса бармоқлар яқин кўринадиган юқори аниқликдаги суратларга эҳтиёткорлик билан ёндашишни тавсия қилмоқда.
Сабаби, бундай расмлардан биометрик маълумотлар, хусусан бармоқ изларини тиклаш эҳтимоли мавжуд. Япония Миллий Информатика Институти тадқиқотчилари бир неча йил аввалроқ “V” белгиси билан тушилган суратлардан бармоқ изларини ажратиб олиш мумкинлигини маълум қилган эди.
Уларнинг айтишича, сифатли камера ва яхши ёритишда олинган суратларда бармоқ излари кўриниб қолиши мумкин. Сўнгги йилларда эса сунъий интеллект технологиялари бу хавфни янада кучайтирди. Хитойлик экспертлар SI ёрдамида оддий селфилардаги бармоқ изларини аниқлаштириш ва қайта тиклаш мумкинлигини айтмоқда. Бироқ, мутахассислар бу жараён оддий эмаслигини ҳам таъкидлайди. Бунинг учун юқори сифатли сурат, махсус дастурлар ва техник билим талаб этилади.
Шундай бўлса-да, интернетга жойланадиган яқин планли селфиларда эҳтиёт бўлиш тавсия қилинмоқда.













