Тошкентда кучли ёмғирда дарё ўртасида қолган балиқчи қутқариб қолинди

Тошкентда кучли ёмғирда дарё ўртасида қолган балиқчи қутқариб қолинди

11 майга ўтар кечаси Тошкент шаҳрида кучли ёмғир оқибатида юзага келган хавфли вазиятда бир фуқаро қутқариб қолинди. Ҳодиса Янгихаёт тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсида содир бўлган.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси навбатчилик қисмига келиб тушган мурожаатда, балиқ овлаш учун дарёга борган Б.М. исмли фуқаро сув ўртасидаги кичик оролчада қолиб кетгани ва мустақил равишда қайтиб чиқа олмаётгани маълум қилинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, кучли ёғингарчилик сабаб дарёда сув сатҳи қисқа вақт ичида кескин ошиб кетган. Натижада фуқаронинг соҳилга қайтиши ҳаёти учун жиддий хавф туғдирган.

Хабардан сўнг воқеа жойига ФВБ қутқарувчилари зудлик билан етиб борган. Махсус қутқарув ишлари орқали фуқаро хавфсиз ҳудудга олиб чиқилиб, унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Мутасаддилар ёғингарчилик кунлари дарё ва сув ҳавзалари атрофида эҳтиёткор бўлиш, хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлигини эслатмоқда.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nigina Zarqarayeva
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.