Деновдаги кураш мусобақаси вақтида полвон пичоқлаб ўлдирилди

![]() | ||
|---|---|---|
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ўтказилган миллий кураш мусобақаси аянчли ҳодиса билан якун топди. Спорт байрами вақтида юз берган жанжал оқибатида таниқли полвон ҳаётдан кўз юмди. Маълумотларга кўра, воқеа 9 май куни Абу Али ибн Сино номидаги тиббиёт техникуми спорт майдонида бўлиб ўтган оммавий кураш тадбири пайтида содир бўлган. Дастлабки маълумотларда айтилишича, мусобақада мағлуб бўлган иштирокчининг акаси қаттиқ асабийлашиб, рақиб томон вакилларига ташланган. Гумонланувчи сифатида тилга олинаётган Достон Жабборов укаси беллашувда ютқазганидан сўнг, рақиб полвоннинг отаси Низомиддин Чўтбоев билан жанжаллашган. Оқибатда у ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан эркакнинг танасига бир неча бор зарба берган. Айтилишича, жабрланувчи шифохонага зудлик билан етказилган. Бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган. Дастлабки суд-тиббий экспертиза хулосасида марҳумнинг кўкрак, бел ва думба қисмига етказилган оғир тан жароҳатлари ўлимга сабаб бўлгани қайд этилган. Маълумот учун, Низомиддин Чўтбоев Денов ҳудудида таниқли полвон сифатида танилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. |














