Навоийда аёл куёвини ўлдириш учун қотил ёлламоқчи бўлди

Фото: Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси
Навоий вилоятида жамоатчиликни ларзага солган жиноят фош этилди. Зарафшон шаҳрида яшовчи аёл ўз куёвини йўқ қилиш мақсадида қотил ёллашга уриниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинди.
Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, воқеа оилавий келишмовчиликлар ортидан келиб чиққан. 54 ёшли аёл танишлари орқали икки нафар шахсни топиб, куёвини “жазолаш”ни сўраган ва бунинг эвазига катта миқдорда пул таклиф қилган.
Тезкор хизмат ходимлари томонидан вазият назоратга олиниб, махсус операция режалаштирилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар суиқасд саҳнасини инсценировка қилиб, жараённи видеога олган ва уни гумонланувчига юборган. Бу орқали унинг нияти ва ҳаракатлари тўлиқ тасдиқланган.
Шундан сўнг аёл келишилган 40 миллион сўмдан дастлабки қисми сифатида 2 миллион 300 минг сўмни ёлланган шахслар ҳисоб рақамига ўтказган. Айнан шу пайтда у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.
Тадбир Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда маҳаллий ички ишлар бўлинмалари ҳамкорлигида амалга оширилгани қайд этилмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми асосида жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар бу каби ҳолатлар оилавий муаммоларни қонуний йўл билан ҳал қилиш ўрнига жиноятга қўл уриш қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатишини таъкидламоқда.













