Ким Чен Ин ядровий зарба бўйича қатъий қоида киритди...

Шимолий Корея конституциясига мамлакат хавфсизлиги ва ядровий кучлар бошқарувига оид янги муҳим ўзгартиш киритилгани хабар қилинмоқда. The Telegraph нашри Жанубий Корея Миллий разведка хизмати брифингига таяниб ёзишича, янги норма КХДР етакчиси Ким Чен Ин ҳалок бўлган тақдирда армияни автоматик равишда ядровий зарба беришга мажбур қилиши мумкин.
Қайта кўриб чиқилган Конституцияда Ким Чен Ин Давлат кенгаши раиси сифатида қайд этилган ва бевосита давлат раҳбари мақомига эга экани мустаҳкамланган. Шу билан бирга, Давлат кенгаши раиси КХДР ядровий кучларига қўмондонлик қилиши алоҳида белгилаб қўйилган.
Қонунчиликда Ким Чен Иннинг ядро кучлари устидан ягона қўмондон сифатидаги мақоми ҳам махсус таъкидланган. Бу эса Шимолий Корея ядровий стратегиясида марказлашган бошқарув янада кучайтирилганини кўрсатади.
The Telegraph маълумотига кўра, агар ядровий кучларни бошқариш тизими душман ҳужуми сабаб хавф остида қолса, ядровий зарба автоматик ва зудлик билан амалга оширилиши белгиланган. Бу, амалда, КХДР раҳбариятига қарши эҳтимолий ҳужумни тийиб туришга қаратилган жуда кескин сигнал сифатида баҳоланмоқда.
Жанубий Корея ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Корея тахминан 60 та ядро каллагига ва қарийб 2 тонна юқори даражада бойитилган уранга эга бўлиши мумкин. Агар бу рақамлар ҳақиқатга яқин бўлса, Пхеньяннинг ядровий салоҳияти минтақавий хавфсизлик учун жиддий омил бўлиб қолмоқда.
Мазкур конституциявий ўзгартишлар 22 март куни Пхеньянда бўлиб ўтган 15-чақириқ Олий халқ мажлисининг биринчи сессиясида қабул қилинган. Нашр таъкидлашича, бу қарорга халқаро майдондаги сўнгги кескин воқеалар, жумладан, Америка-Исроилнинг Эронга қўшма зарбалари таъсир қилган бўлиши мумкин.
The Telegraph ёзишича, ўша ҳужумлар натижасида Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ва унинг атрофидаги бир қатор шахслар ҳалок бўлгани Пхеньянда хавфсизлик кафолатларини янада қаттиқлаштириш заруратини кучайтирган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Шимолий Корея учун ядро қуроли фақат ҳарбий восита эмас, балки режим хавфсизлиги, ташқи босимларга қарши тийиб турувчи омил ва сиёсий кафолат сифатида кўрилмоқда. Шу боис Ким Чен Ин атрофидаги бошқарув тизимини қонун даражасида мустаҳкамлаш Пхеньяннинг ташқи дунёга йўллаётган навбатдаги қаттиқ сигнали бўлди.
Бу ўзгаришлар Корейс яриморолидаги вазиятни янада нозиклаштириши мумкин. Чунки автоматик ядровий жавоб ҳақидаги қоида эҳтимолий инқироз пайтида нотўғри ҳисоб-китоблар хавфини оширади. Бундай сценарийда бир хатолик минтақавий можарони глобал инқирозга айлантириб юбориши мумкин.
Қисқаси, КХДР янги конституциявий ўзгартишлар орқали ўз етакчиси ва ядровий тизимига таҳдид қилинса, жавоб кескин бўлишини очиқ билдирмоқда. Бу эса минтақадаги ҳарбий-сиёсий мувозанатни янада хавфли ва мураккаб босқичга олиб чиқиши мумкин.













