U-20 Осиё чемпионати. Келаси йил Ўзбекистонга кимлар келади?

U-20 Осиё чемпионати. Келаси йил Ўзбекистонга кимлар келади?
2023 йилнинг 1-18 март кунлари Ўзбекистон яна бир катта мусобақага мезбонлик қилади. Бу 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб, U-20 Осиё чемпионати дейилади. 10-18 сентябрь кунлари Осиёнинг 10та давлатида мана шу мусобақага саралаш учрашувлари бўлиб ўтади ва шундан сўнг биз Ўзбекистонга ташриф буюрадиган 15та терма жамоа номини билиб оламиз.

Ўзбекистон мезбонлик қиладиган U-20 Осиё чемпионати шуниси билан муҳимки, бунда жаҳон чемпионати йўлланмаси ўйналади. Яъни, мусобақа давомида ярим финалга йўл олган 4та жамоа Индонезияда бўлиб ўтадиган U-20 Жаҳон чемпионатига йўл олади. Жаҳон чемпионати ҳам келаси йил 20 май - 11 июнь оралиғида ўтказилади.

Саралаш қандай ўтади?

Маълумки, шу йилнинг 24 май куни U-20 Осиё чемпионатининг саралаш ўйинларига қуръа ташланди. Қуръа натижаларига кўра, жамоалар 10та гуруҳга бўлинган. Ўзбекистон U-20 терма жамоаси \"A\" гуруҳидан жой олган бўлиб, саралашда конкурсдан ташқари иштирок этади. Яъни, биз мезбон ҳисобланганимиз боис саралашдаги натижаларимиз ҳисобга ўтмайди.

Шу боис ЎФА U-20 терма жамоамизга тегмасдан саралашда U-19 терма жамоасининг қатнашишини лозим топди. Бу ҳам яхши албатта, чунки бир ёш кичик футболчилар шу баҳона тажриба тўплаб олишади.

Ўзбекистон U-20 терма жамоаси (бош мураббий: Равшан Ҳайдаров) Уругвайда ташкил этилган 4та жамоа ўртасида халқаро турнирда қатнашишни лозим топган. Бу мусобақада биз Уругвай, Аргентина ва Бразилия билан куч синашамиз. (Футболчиларимиз Уругвайга қарши майдонга тушиб, 1:3 ҳисобида имкониятни бой беришди). Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган саралашга эса U-19 терма жамоасини Фарҳод Нишонов олиб кетди.

Демак, айтиб ўтганимиздек, саралаш босқичи 10та гуруҳда олиб борилади. Мусобақа регламентига кўра, гуруҳ ғолиблари ҳамда энг яхши 5та иккинчи ўрин эгалари (жами 15 жамоа) U-20 Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритади.

\"A\" гуруҳи: Саудия Арабистони, Хитой, Мьянма, Мальдив, Ўзбекистон.
Саралаш ўйинлари мезбони: Саудия Арабистони

\"B\" гуруҳи: Қатар, Баҳрайн, Бангладеш, Непал, Бутан
Саралаш ўйинлари мезбони: Баҳрайн

\"C\" гуруҳи: Япония, Яман, Фаластин, Лаос, Гуам.
Саралаш ўйинлари мезбони: Лаос

\"D\" гуруҳи: Иордания, Хитой Тайпейи, Сурия, Туркманистон, Шимолий Мариана ороллари.
Саралаш ўйинлари мезбони: Иордания

\"E\" гуруҳи: Жанубий Корея, Малайзия, Мўғулистон, Шри Ланка.
Саралаш ўйинлари мезбони: Мўғулистон.

\"F\" гуруҳи: Индонезия, Вьетнам, Гонконг, Тимор-Лесте.
Саралаш ўйинлари мезбони: Индонезия

\"G\" гуруҳи: Таиланд, Уммон, Филиппин, Афғонистон.
Саралаш ўйинлари мезбони: Уммон.

\"H\" гуруҳи: Ироқ, Ҳиндистон, Қувайт.
Саралаш ўйинлари мезбони: ҳозирча аниқ эмас

\"I\" гуруҳи: Тожикистон, Камбоджа, Ливан, Сингапур.
Саралаш ўйинлари мезбони: Тожикистон

\"J\" гуруҳи: БАА, Эрон, Қирғизистон, Бруней.
Саралаш ўйинлари мезбони: Қирғизистон.

Саралаш босқичи барча гуруҳларда 10-18 сентябрь оралиғида бўлиб ўтиши белгилаб қўйилган. Ҳозирча фақат \"H\" гуруҳи ўйинлари қаерда ўтказилиши маълум эмас. Аввалига мезбон сифатида Ироқ танланганди, бироқ Австралия U-20 терма жамоаси сиёсий вазият сабаб Ироққа боришдан ҳамда саралашда қатнашишдан бош тортди. Натижада бу гуруҳда 3та жамоа қолди.
U-20 Осиё чемпионати. Келаси йил Ўзбекистонга кимлар келади?

Ўзбекистон U-19 қачон ким билан ўйнайди?

Қуйида Ўзбекистон U-19 терма жамоасининг саралашдаги тақвимини келтириб ўтамиз.

10 сентябрь. Ўзбекистон - Мальдив
12 сентябрь. Ўзбекистон - Мьянма
14 сентябрь. Саудия Арабистони - Ўзбекистон
16 сентябрь. Хитой - Ўзбекистон
Муаллиф: Xayrulla Xoliqov
"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.