Сергей Арсланов: "Ушбу ғалабани вафот этган мухлисимиз Илёс Анваровга бағишлаймиз"

\"Сурхон\" ҳамда \"Турон\" ўртасидаги Суперлиганинг 16-тур учрашувидан (1:0) сўнг, мезбон жамоа устози Сергей Арсланов матбуот анжуманида иштирок этиб, журналстлар саволларига жавоб берди.
Сергей Арсланов: \"Биз учун ҳар бир очко ҳаводек муҳим. Бугунги баҳсда футбол эстетикаси ҳақида гапириш қийин. Йигитларга раҳмат айтаман. Ушбу ғалабани вафот этган мухлисимиз Илёс Анваровга бағишлаймиз\".
- Достон Турсунов Шотландия клубида кўрикда эди. Бугун эса у майдонга тушди...
- Достоннинг техникаси кучли, футбол интеллекти баланд. Агентлар буни пайқашди. Айни дамда ўзбек футболчиларига бўлган талаб анча ошган. Бу миллий футболимиз, Суперлигамиз ўсаётганидан далолат беради. Ҳа, Турсунов бориб келди, у мураббийга ёқди. Келаси йил уни Европада кўрамиз деб умид қиламиз.
- Танаффусдан сўнг \"Турон\" \"портловчи\" ўйин намойиш этиб, ҳимояга катта босим ўтказди. \"Сурхон\" бунга тайёрмиди?
- Ҳа, тайёр эдик, чунки \"Турон\" ҳисобда ортда қолаётгани учун катта куч билан ҳужумга ўтишини билардик. Рақибга кўп зонани топширганимиз ягона муаммо бўлди, бироқ тўп учун ҳаводаги курашларда йигитлар яхши ҳаракат қилишди.
- Дарвозабонимиз Артём Потапов \"қуруқ\" ўйинлар сони бўйича Суперлигада 2-ўринни эгаллаб турибди. Бу унинг маҳоратими, ҳимоя қўрғонининг кучими ёки иккиласи биргаликда?
- Футбол жамоавий спорт тури. У соатга ўхшайди. Соатнинг бирор қисми бўлмаса, у ишламайди. футболда ҳам шундай. Ҳа, Потапов ўзини ҳақиқий профессионаллардек тутяпти. Борини бериб ишлаяпти. Лекин шу ўринда жамоага ҳам раҳмат айтиш керак. Йигитларнинг бари биргаликда ҳаракат қилишмоқда.













