Мичелдан Тер Штегеннинг «Жирона» сафидаги дебютига баҳо

«Жирона» бош мураббийи Мичел дарвозабон Марк-Андре тер Штегеннинг жамоа сафидаги илк ўйинидан кейин унинг чиқишини изоҳлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Германиялик посбон «Хетафе»га қарши учрашувда дебют қилди ва жамоасига очко олиб келишда ёрдам берди. У бир гол ўтказиб юборди, баҳс эса 1:1 ҳисобида якунланди.
«У фантастик ўйин ўтказди. Ҳужумни бошлашда катта ҳисса қўшади, якунда эса ажойиб сейв ҳам қилди», — дея Мичелнинг сўзларини келтиради Mundo Deportivo.
Мураббий дарвозабон танлаш масаласи осон бўлмаганини ҳам тан олди. У дарвозабонлар билан гаплашган, бироқ суҳбат тафсилотларини очиқламади.
«Жирона» тер Штегенни «Барселона»дан ижарага олди. Аввалроқ дарвозабонни рўйхатдан ўтказишда муаммо юзага келгани, сабаби жамоада барча дарвозабон рақамлари банд экани ҳақида хабарлар тарқалганди.













