Криштиану Роналду Саудия лигасидан кетишга тайёрлигини билдирди

Криштиану Роналду Саудия лигасидан кетишга тайёрлигини билдирди

Жаҳон футболининг энг сермаҳсул юлдузларидан бири, \"Ан-Наср\" ҳужумчиси ва сардори Криштиану Роналду Саудия Про-лигаси раҳбариятига қаттиқ ишора қилди: агар вазият шу тарзда давом этса, у Саудия Арабистонини тарк этишга ҳам тайёр.

Манбаларга кўра, португалиялик юлдузнинг бу кайфиятига чемпионатдаги сўнгги трансфер сиёсати сабаб бўлган. Яъни гап майдондаги натижа ёки бир-иккита ўйин эмас — гап “кимни кучайтиряпсиз? кимни эса четда қолдиряпсиз?” деган катта саволда.

Айтилишича, 41 ёшли тўпурар айниқса Саудия Арабистони Суверен жамғармаси иштирокида Карим Бенземанинг \"Ал-Иттиҳод\"дан \"Ал-Ҳилол\"га ўтказилганидан норози экани таъкидланмоқда. Чунки бу трансфер ортидан \"Ал-Ҳилол\" сезиларли кучайтирилди, \"Ан-Наср\" эса, гўёки, яна эътибордан четда қолгандек бўлди.

Қайд этилишича, Роналдунинг норозилиги кун сайин “қизиб” бораётган экан. У ўзини бироз хиёнатга учрагандек ҳис қиляпти ва Саудия Арабистонидаги уч йиллик фаолиятини якунлаш вариантини ҳам жиддий кўриб чиқяпти.

Қисқаси, гап шунда: Роналдуга соврин учун “шароит” керак. Агар рақиблар доим кучайтирилиб, унинг жамоаси эса орқада қолса — у бу лойиҳада узоқ турмаслиги мумкин. Футболда ҳам ҳаётдагидек: кимдир сенга “биринчи рақам” деса, уни амал билан ҳам кўрсатиши керак.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.