Хосе Моуриньо Реал Мадридга қайтиш учун иккита шарт қўйди

Реал Мадрид жамоаси мураббийлар штабидаги ўзгаришлар доирасида Хосе Моуриньо билан музокараларни бошлаб юборди. Испания матбуотига кўра, клуб раҳбарияти жамоани инқироздан олиб чиқиш учун айнан португалиялик мутахассис номзодини асосий вариант сифатида кўрмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Моуриньо «Бернабеу»га қайтиш учун иккита муҳим шарт қўйган. Биринчидан, у клубнинг трансфер сиёсатига тўлиқ таъсир ўтказиш ҳуқуқини талаб қилмоқда. Мураббий таркибдаги номутаносибликни бартараф этиш учун айнан қайси позицияларни кучайтириш кераклигини ўзи ҳал қилмоқчи.
Иккинчи шарт эса клуб ички тузилмаси ва мураббийлар штабининг автономиясига боғлиқ. Моуриньо спорт департаменти ишига аралашувни чеклашни ва ўз қарорларининг мустақиллигини кафолатлашни талаб қилмоқда.
Ҳозирда Бенфика бошқарувида бўлган мутахассиснинг агенти Жорге Мендес ва Мадрид клуби вакиллари ўртасида дастлабки мулоқотлар бошланган. Бироқ, томонлар мавсум якунлангунга қадар музокараларни расмийлаштирмасликка келишиб олишган.













