Синдоров Бибисора ҳақидаги гапларга тўхталди

Синдоров Бибисора ҳақидаги гапларга тўхталди

Кеча, 12 апрель куни Кипрда ўтказилаётган шахмат бўйича Номзодлар турнирининг 12-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Унда иштирок этаётган ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров АҚШлик Ҳикару Накамурага қарши дуранг натижа қайд этиб, мусобақадаги очколарини тўққизтага етказди.

Ушбу беллашувдан сўнг Синдоров ҳамда иккинчи ўринда бораётган Гри Аниш ўртасидаги фарқ икки очкога тенг бўлиб турибди. Айтилишича, кейинги турдаги дуранг натижаси ҳам ўзбекистонлик шахматчини турнир ғолиблигига олиб чиқиши мумкин. Шунингдек, Аниш 13-турда мағлуб бўлса ёки дуранг ўйнаса ҳам, Синдоров кейинги икки тур натижасидан қатъи назар Номзодлар турнири ғолиби бўлиши эҳтимоли юқори.

Накамурага қарши партиядан сўнг Синдоров ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Кеча жуда муҳим беллашув бўлди ва анча толиқдим, шунинг учун бугунги дуранг яхши натижа. Ҳозирги вазиятда Ҳикару билан узоқ ва оғир партия ўйнаш учун асос кўрмадим. Шу сабаб имкони бор жойларда мажбурий вариантларни танладим. Агар у узун партия ўйнашни истаса, бунга ҳам тайёр эдим. Лекин у ҳам ишончли йўлларни танлашини кутгандим. Ҳатто партия олдидан тез дуранг бўлишини ҳис қилгандим.

Бугун бироз дам оламан. Балки Counter-Strike ҳам ўйнарман. Охирги турларда эса имкони борича ишончли ўйнаш керак. Кимдир мени енгишга ҳаракат қилса ва имконият пайдо бўлса, албатта ундан фойдаланаман, лекин ҳозир мажбуран ғалаба излаш шарт эмас”, деди Синдоров.

Шунингдек, у сўнгги вақтларда ўзи ҳамда қозоғистонлик Бибисора Ассаубаева ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган фикрларга эътибор қаратмаётганини ва бу мавзулар унга қизиқ эмаслигини алоҳида таъкидлади.

Маълумот учун, Синдоров 13-тур доирасида 14 апрель куни иккинчи ўринда бораётган нидерландиялик Гри Анишга қарши баҳс олиб боради.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.