Ўзбекистон U17 терма жамоаси Японияга қарши финал учун курашади

Ўзбекистон U17 терма жамоаси Японияга қарши финал учун курашади

Ўзбекистон U17 терма жамоаси Осиё кубогидаги энг муҳим ўйинлардан бирига тайёргарлик кўрмоқда. Сергей Чигодаев шогирдлари яримфиналда Японияга қарши майдонга тушади. Учрашув олдидан бош мураббий Сергей Чигодаев ва ҳимоячи Муҳаммад Ҳакимов матбуот анжуманида иштирок этиб, бўлажак баҳс ҳақида фикр билдирди.

Сергей Чигодаевнинг таъкидлашича, мураббийлар штаби Япония терма жамоасини чуқур ўрганмоқда. Рақибнинг кучли ва заиф жиҳатлари таҳлил қилинмоқда. Мураббий японларни тартибли, техник жиҳатдан кучли ва тезкор футболчиларга эга жамоа сифатида баҳолади.

“Японияни ўрганиб чиқмоқдамиз. Кучли ва кучсиз томонларини таҳлил қиляпмиз, айтиш мумкинки, рақибимиз тартибли жамоа. Улар билан биринчи марта ўйнамаяпмиз, аввал ҳам 3 марта ўртоқлик ўйинларини ўтказганмиз. Тезкор ва техник жиҳатдан яхши футболчилари бор. Бироқ эртага ўйин кўрсатади, иккала жамоа учун ҳам қизиқарли ўйин бўлиб ўтади”, — деди Чигодаев.

Ўзбекистон U17 жамоаси амалдаги чемпион мақомига эга. Ўтган йили айнан шу ёш тоифасида вакилларимиз Осиё кубогида ғолиб чиққан эди. Чигодаевнинг айтишича, жамоа ушбу натижани такрорлашни истайди, аммо бу йўл осон бўлмаслигини ҳам яхши тушунади.

“Ўтган йили бу ёш тоифасида жамоамиз мусобақа ғолиблигини қўлга киритган. Албатта, биз ҳам бу натижани такрорлашга ҳаракат қиламиз. Бу осон эмас, бироқ бунинг учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Яримфиналда оддий ўйинлар бўлмайди, ҳар битта ўйин қийин бўлиши табиий. Биз курашамиз”, — дея қўшимча қилди бош мураббий.

Жамоа ҳимоячиси Муҳаммад Ҳакимов ҳам Японияга қарши баҳс олдидан футболчилар тайёргарликни юқори кайфиятда олиб бораётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, барча ўйинчилар яримфиналнинг аҳамиятини яхши ҳис қилиб турибди ва майдонга фақат ғалаба учун чиқади.

“Жамоадошларим билан эртанги ўйинга тайёргарлик кўряпмиз. Насиб бўлса, яхши ўйин кўрсатамиз. Ўзига яраша қийин ва қизиқарли ўйин бўлади. Эртанги ўйинда ҳам ғалаба учун майдонга чиқамиз. Бу яримфинал ўйини, ҳамма болалар тушуниб турибди, шунга яраша кайфият билан тушамиз ва ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз”, — деди Ҳакимов.

Ўзбекистон U17 жамоаси ушбу мусобақада аллақачон Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган. Аммо жамоа мақсади шу билан чекланиб қолгани йўқ. Энди асосий вазифа — финалга чиқиш ва Осиёда яна бир бор энг кучли жамоа эканини исботлаш.

Японияга қарши ўйин 19 май куни Тошкент вақти билан соат 20:00 да старт олади. Бу баҳс ҳар икки жамоа учун ҳам катта синов бўлади. Япония тартибли ва тезкор футбол намойиш этса, Ўзбекистонда характер, ишонч ва ғалабага бўлган кучли интилиш бор.

Қисқаси, яримфиналда катта ўйин кутиб турибди. Ўзбекистон U17 жамоаси амалдаги чемпион мақомини ҳимоя қилиш ва финалга йўл олиш учун майдонга тушади. Энди гап кам, ҳаракат кўп: ёшларимиздан яна бир мардона ўйин кутамиз.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.