Дениз Ундав: Гарри Кейннинг хотиржамлиги менга етишмаяпти

Дениз Ундав: Гарри Кейннинг хотиржамлиги менга етишмаяпти

Штутгарт ҳужумчиси Дениз Ундав Бавария юлдузи Гарри Кейннинг дарвоза олдидаги ҳаракатларига тан берди. Ундавнинг сўзларига кўра, инглиз ҳужумчисининг зарба беришдан олдинги хотиржамлиги ва аниқлиги унинг энг кучли жиҳати ҳисобланади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

"Мен тўп билан ишлаш ва ассистентлик қилишда яхшиман, аммо Кейннинг дарвоза қаршисидаги совуққонлиги таҳсинга лойиқ. У ҳар бир зарбадан олдин бир сония тўхтаб, чуқур нафас олади ва шундан кейингина зарба беради. Агар менда ҳам шундай хотиржамлик бўлганида, кўпроқ гол урган бўлардим", — деди Дениз Ундав.

Гарри Кейн жорий мавсумда барча мусобақаларда 50 та ўйинда 58 та гол уришга муваффақ бўлди. Ўз навбатида, Дениз Ундав ҳам Бундеслигада 19 та гол билан тўпурарлар пойгасида иккинчи ўринни эгаллади ва Штутгартнинг Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритишига катта ҳисса қўшди.

Шанба куни бўлиб ўтадиган Германия кубоги финалида Ундав ўз жамоаси билан Баварияга қарши майдонга тушади. Ҳужумчи рақибни яққол фаворит деб билса-да, бир ўйинли баҳсда ҳар қандай натижа қайд этилиши мумкинлигини таъкидлади.

Агар Штутгарт ғалаба қозонса, Ундав жамоа билан биргаликда Берлиннинг энг яхши кабобхонасига боришни режалаштирмоқда. У ғалаба нишонланиши учун бу таом энг муносиб танлов эканлигини ҳазиломуз тарзда қўшимча қилди.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nodirbek Razzokov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.