Аспиналл Перрейра ва Ган жангига тахмин билдирди...

Аспиналл Перрейра ва Ган жангига тахмин билдирди...

Оғир вазн тоифасида амалдаги UFC чемпиони Том Аспиналл мухлислар интизорлик билан кутаётган Алекс Перрейра ва Сирил Ган ўртасидаги тўқнашув ҳақида ўз фикрларини билдирди. Англиялик чемпион ушбу жангни таҳлил қилар экан, ҳар икки спортчининг кучли ва заиф жиҳатларига алоҳида тўхталди.

Аспиналлнинг фикрича, Алекс Перрейра ўрта ва ярим оғир вазнда ўзини жуда хавфли нокаутчи сифатида кўрсата олган. Бразилиялик жангчи кучли зарбалари, совуққонлиги ва рақибни бир лаҳзада жазолай оладиган услуби билан танилган. Бироқ оғир вазнда вазият бироз бошқача бўлиши мумкин.

Томнинг таъкидлашича, Перрейра аввалги вазн тоифаларида кўпроқ ўзига нисбатан анча кичикроқ рақиблар билан тўқнаш келган. Шу боис унинг габарити ва зарба кучи ўша ерда катта устунлик берган. “Поатан” айнан шу жиҳатлар орқали рақибларини нокаутга учратиб, UFCдаги энг хавфли жангчилардан бирига айланган.

Бироқ Сирил Ган — бошқа масала. Франциялик спортчи оғир вазн вакили бўлишига қарамай, жуда ҳаракатчан, енгил қадам ташлайдиган ва масофани яхши назорат қила оладиган жангчи ҳисобланади. Аспиналл ҳам айнан Ганнинг габарити ва ҳаракатчанлигини Перрейра учун жиддий муаммо бўлиши мумкин деб ҳисобламоқда.

“Перрейра ўрта ва ярим оғир вазнда яхшигина кучга эга, бироқ бразилиялик, одатда, у ерда анча кичикроқ йигитлар билан жанг қилган. “Поатан” йириклиги боис рақибларини нокаутга учрата олган. Лекин Ганнинг габарити анча катта. Оғир вазнига қарамасдан, жуда ҳаракатчан ҳамдир”, — деди Аспиналл.

Шу билан бирга, UFC чемпиони Сирил Ганнинг заиф томонини ҳам яширмади. Унинг айтишича, француз жангчисининг лоукиклардан ҳимояси идеал даражада эмас. Бу эса Алекс Перрейра учун жуда қулай имконият бўлиши мумкин. Чунки бразилиялик лоукикларни аниқ, оғриқли ва тактик жиҳатдан тўғри йўллаш бўйича ҳақиқий мутахассис саналади.

Перрейранинг лоукиклари кўпинча рақибнинг ҳаракатини секинлаштиради, балансини бузади ва кейинги кучли зарбалар учун йўл очади. Агар Ган бу зарбаларга етарлича тайёр бўлмаса, жанг давомида ҳаракатчанлигини йўқотиши мумкин. Бу эса оғир вазнда жуда хавфли сценарий.

Шунга қарамай, Аспиналл ғолибни аниқ айтиш осон эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, жанг жуда тактик, эҳтиёткор ва юқори даражада ўтиши мумкин. Бир томонда нокаут кучи баланд Перрейра, иккинчи томонда эса ҳаракатчан, масофани яхши ушлайдиган Ган бор. Қисқаси, бу жангда бир хато — бутун сценарийни ўзгартириб юбориши мумкин.

Англиялик чемпион якунда Сирил Ган очколар ҳисобига ғалаба қозониши мумкинлигини тахмин қилди. Унингча, француз спортчи масофани сақлаб, ҳаракатда бўлиб, зарбаларни тўғри тақсимласа, ҳакамлар қарори орқали устун келиши эҳтимоли юқори.

“Ҳозир ғолибни тахмин қилиш қийин. Менимча, Ган очколар эвазига ғалаба қозонади”, — деди Том Аспиналл.

Эслатиб ўтамиз, Сирил Ган ва Алекс Перрейра ўртасидаги тўқнашув 15 июнь куни “UFC White House” турнири доирасида ўтказилади. Ганнинг рекорди 13 ғалаба, 2 мағлубият ва 1 та натижасиз жангдан иборат. Перрейра эса профессионал ММАда 13 ғалаба ва 3 мағлубият қайд этган.

Қисқаси, бу жанг оғир вазн учун катта синов, мухлислар учун эса ҳақиқий интрига бўлади. Перрейра битта зарба билан кечани тугатиши мумкин, Ган эса ҳаракат ва ақл билан уни безовта қилиши эҳтимол. UFCда бундай қарама-қаршиликлар одатда зерикарли бўлмайди — попкорн тайёр бўлсин.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.