Испания нашри Ҳусановни мундиалга бормайдиганлар қаторига қўшиб қўйди

Испаниянинг машҳур спорт нашрларидан бири AS 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этмайдиган футболчилардан иборат рамзий жамоа тузди. Бироқ ушбу рўйхат мухлислар орасида қизиқ муҳокамаларга сабаб бўлди. Сабаби, таркибдан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳам жой олган.
AS тузган рамзий таркибда дарвозабон сифатида Ян Облак кўрсатилган. Ҳимоя чизиғида Абдуқодир Ҳусанов, Хуан Фойт ва Маттейс де Лигт жойлаштирилган. Ярим ҳимояда Серж Гнабри, Николо Барелла, Жонни Кардосо ва Эстевао бор. Ҳужумкор чизиқда Хави Симонс, Жоао Педро ва Роберт Левандовски қайд этилган.
Эътиборли жиҳати, Ҳусанов ушбу рўйхатга нотўғри киритилгани мухлислар эътирозини келтириб чиқарди. Чунки Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган ва мундиалнинг “К” гуруҳида Португалия, Колумбия ҳамда Конго ДР билан куч синашади.
Ижтимоий тармоқларда испаниялик ва ўзбекистонлик мухлислар Ҳусановнинг Жаҳон чемпионатида иштирок этишини эслатиб, AS саҳифасида кўплаб изоҳлар қолдирган. Айтилишича, шундан сўнг нашр ушбу суратни Instagram саҳифасидан ўчириб ташлаган, аммо Facebook саҳифасида пост ҳали ҳам сақланиб қолган.
Абдуқодир Ҳусанов учун бу ҳолат яна бир бор унинг халқаро майдонда танилаётганини кўрсатди. “Манчестер Сити” сафидаги ўйинлари, Англия кубоги ва Лига кубогидаги иштироклари, шунингдек, миллий жамоадаги ўрни уни Европа матбуоти диққат марказига олиб чиқмоқда.
AS тузган рамзий жамоа:
Дарвозабон: Ян Облак.
Ҳимоячилар: Абдуқодир Ҳусанов, Хуан Фойт, Маттейс де Лигт.
Ярим ҳимоячилар: Серж Гнабри, Николо Барелла, Жонни Кардосо, Эстевао.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Хави Симонс.
Ҳужумчилар: Жоао Педро, Роберт Левандовски.

Қисқаси, AS рамзий жамоа тузди, аммо Ҳусанов масаласида “офсайд”га тушиб қолди. Ўзбекистон мундиалга боради, Абдуқодир эса миллий жамоамизнинг муҳим ҳимоячиларидан бири сифатида катта саҳнага чиқиши кутилмоқда. Энди испан нашри ҳам билиб қўйса бўлади: Ҳусанов — мундиалсиз эмас, мундиал йўлидаги ўзбек ҳимоячиси.













