Диего Симеоне Пеп Гуардиоланинг чарчоқ ҳақидаги гапларига қўшилди

Диего Симеоне Пеп Гуардиоланинг чарчоқ ҳақидаги гапларига қўшилди

Атлетико Мадрид бош мураббийи Диего Симеоне Манчестер Сити устози Пеп Гуардиоланинг кетиш ҳақидаги қарорини тўлиқ тушунишини ва унинг ҳис-туйғуларини баҳам кўришини маълум қилди. Симеоне замонавий футболдаги тиғиз тақвим ва доимий босим мураббийларни руҳан чарчатиб қўядиган "тўхтовсиз қор уюми"га ўхшашини таъкидлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

2025-26-йилги мавсум якунланар экан, Симеоне Атлетико Мадрид бошқарувидаги энг оғир даврлардан бирини бошдан ўтказганини тан олди. Вилярреал билан ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида аргентиналик мутахассис Пеп Гуардиоланинг хайрлашув нутқи унга қаттиқ таъсир қилганини яширмади. Унинг сўзларига кўра, гарчи совринлар борасида фарқ бўлса-да, мураббийликдаги руҳий ҳолат бўйича у ўзини Гуардиола билан бир хил ҳис қилмоқда.

"Тўғриси, кеча Гуардиоланинг матбуот анжуманидаги гапларини ўқидим. Агар исмни ўзгартирсангиз — мен у каби кўп соврин ютмаган бўлсам-да — у айтган ҳикояда ўзимни кўрдим. Ҳар уч кунда диққат марказида бўлиш, футболчилар билан ишлаш ва гуруҳни бошқариш тўхтовсиз қор уюмини ҳосил қилади. Ўйин тугаши билан икки кундан кейин ҳаммаси яна бошидан бошланади", — деди Симеоне.

Симеоне чарчоққа қарамай, ўз жамоасининг бу мавсумдаги ҳаракатларидан фахрланишини ва кейинги мавсумда янада юқори натижаларни кўзлаётганини айтди. Шунингдек, у Пеп Гуардиолани дунёнинг энг яхши мураббийи деб атаб, унинг ўзини қайта кашф қилиш ва ғалаба қозониш қобилиятига юқори баҳо берди.

"У ақл бовар қилмайдиган ишни бажарди. Манчестер Сити каби жамоада юлдузлар кўп бўлиши мумкин, лекин ҳар йили ғалаба қозониш ва мотивация топиш жуда қийин. Ўйлайманки, у футболдан узоқ вақт кетмайди, бир-икки йиллик танаффусдан сўнг албатта қайтади, чунки у футбол билан нафас олади", — дея қўшимча қилди Атлетико Мадрид устози.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nodirbek Razzokov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.