Барселона Европа қироличаси: Эва Пажор ва Салма Параллуело Лённи тор-мор этди

Барселона аёллар жамоаси шанба оқшомида ўзининг тўртинчи Чемпионлар лигаси титулини қўлга киритди. Ослода бўлиб ўтган финал баҳсида каталонияликлар мусобақанинг саккиз карра ғолиби Лён устидан 4:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Учрашув қаҳрамонига айланган Эва Пажор ўзининг олтинчи финалида ниҳоят орзусидаги кубокни боши узра баланд кўтарди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ўйиннинг биринчи бўлимида Жонатан Гиральдез бошқарувидаги Лён фаолроқ кўринди. 14-дақиқада Линдсей Ҳеапс ҳисобни очган эди, бироқ VAR аралашувидан сўнг гол офсайд туфайли бекор қилинди. Барселона дарвозабони Ката Колл биринчи бўлимда бир неча бор сейвлар намойиш этиб, жамоасини голдан сақлаб қолди. Танаффусга қадар ҳисоб очилмади.
Иккинчи бўлимда Барселона ўйин тизгинини ўз қўлига олди. 55-дақиқада Патри Гуижарронинг ажойиб узатмасидан сўнг Эва Пажор ҳисобни очди. Лён мувозанатни тиклашга ҳаракат қилган бўлса-да, Ката Коллнинг ишончли ўйини бунга йўл қўймади. 69-дақиқада Пажор дублни расмийлаштириб, жамоасининг устунлигини мустаҳкамлаб қўйди.
Учрашув якунида Салма Параллуело ўз сўзини айтди. 90-дақиқада у кучли зарба билан дарвозанинг юқори бурчагини аниқ нишонга олди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда эса Параллуело Пажорнинг узатмасидан унумли фойдаланиб, якуний ҳисобни 4:0 кўринишига келтирди. Шу тариқа, Барселона мавсумдаги тўртинчи совринини қўлга киритиб, тарихий натижа қайд этди.













